>

Алоуддин Мансур — 423

33:36 Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилган — буюрган вақтида бирон мўмин ва мўмина учун (Аллоҳни ҳукмини қўйиб) ўз ишларидан ихтиёр қилиш жоиз эмасдир. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига осий бўлса, бас, у очиқ йўлдан озиш билан йўлдан озибди.[4]

33:37 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), эсланг, сиз Аллоҳ (Исломга ҳидоят қилиш билан) инъом-марҳамат қилган ва сиз (қулликдан озод қилиб, ўзингизга ўғил қилиб олиш билан) инъом қилган кишига (яъни, Зайд бинни Хорисага): «Жуфтингни ўз ҳузурингда ушлагин (яъни, талоқ қилишга шошмагин), Аллоҳдан қўрқгин», деб Аллоҳ ошкор қилгувчи бўлган нарсани ичингизга яширган эдингиз ва Аллоҳдан қўрқишингиз ҳақроқ бўлгани ҳолда, сиз одамлардан (яъни, уларнинг таъна қилишларидан) қўрққан эдингиз. Бас, қачонки Зайд ундан (яъни, Зайнабдан) ҳожатини адо қилгач (яъни, уни талоқ қилгач), Биз сизни унга уйлантирдик. Токи мўминларга асранди болалари ўз хотинларидан ҳожатларини адо қилишгач (яъни, уларни талоқ қилишгач) уларнинг (хотинларига уйланишларида) танглик бўлмаслиги учун (шундай қилдик). Ва Аллоҳнинг амри иродаси қилингувчи бўлди.

33:38 Аллоҳ пайғамбарга фарз қилган (яъни, ҳалол қилган) нарсада унга бирон танглик бўлмас. (Бу) илгари ўтган (пайғамбарлар) ҳақидаги Аллоҳнинг йўли — қонунидир (яъни, улар учун ҳам Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларда ҳеч қандай танглик бўлмаган). Аллоҳнинг амри иродаси тақдири азалий бўлди.

33:39 Улар (яъни, ўтган пайғамбарлар) Аллоҳнинг амру-фармонларини (бандаларга) етказадиган, У зотдан қўрқадиган ва Аллоҳдан ўзга бировдан қўрқмайдиган зотлардир. Аллоҳнинг Ўзи етарли ҳисоб қилгувчидир.

33:40 Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг пайғамбари ва пайғамбарларнинг сўнггисидир. Аллоҳ барча нарсани билгувчи бўлган Зотдир.

33:41 Эй мўминлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар.

33:42 Ва эрта-ю кеч У зотни поклаб тасбеҳ айтинглар!

33:43 У сизларни (куфр) зулматларидан (иймон) нурига чиқариш учун сизларга марҳамат кўрсатадиган Зотдир. Унинг фаришталари ҳам (ҳақларингизга дуо қилурлар). У мўминларга меҳрибон бўлган Зотдир.