Алоуддин Мансур — 422
33:31 Сизлардан ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этса ва яхши амал қилса, Биз унинг ажру мукофотини икки ҳисса қилиб берурмиз ва унинг учун улуғ ризқ (яъни, жаннат)ни тайёрлаб қўйгандирмиз.
33:32 Эй пайғамбар аёллари, сизлар агар тақводор бўлсангизлар, аёллардан биронтаси каби эмасдирсизлар (яъни, бирон аёл фазлу мартабада сизлар каби бўла олмас). Бас, сизлар (парда ортидан бирон номаҳрам эркакка жавоб қилган пайтларингизда) майин-назокатли сўз қилмангларки, у ҳолда кўнглида мараз-нифоқ бўлган кимса тамаъ қилиб қолур. Яхши — тўғри сўзни сўзланглар!
33:33 Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар (яъни, бесабаб уйларингиздан ташқарига чиқманглар, магар бирон ҳожат учун чиққанларингизда эса илгариги динсизлик (даври)даги ясан-тусан каби ясан-тусан қилманглар! Намозни тўкис адо қилинглар, закотни (ҳақдорларга) ато этинглар ҳамда (барча ишларда) Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этинглар! (Эй пайғамбар) хонадонининг аҳли, Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни бутунлай поклашни истайди, холос.
33:34 Уйларингизда Аллоҳнинг оятлари ва ҳикмат (яъни, пайғамбар ҳадислари)дан иборат тиловат қилинадиган нарсаларни зикр-тиловат қилинглар! Албатта Аллоҳ меҳрибон ва огоҳ бўлган Зотдир.
33:35 Албатта муслим ва муслималар, мўмин ва мўминалар, итоатгўй эркаклар ва итоатгўй аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабр-қаноат қилгувчи эркаклар ва сабр-қаноат қилгувчи аёллар, тавозуъли эркаклар ва тавозуъли аёллар, хайру-садақа қилгувчи эркаклар ва хайру-садақа қилгувчи аёллар, рўза тутгувчи эркаклар ва рўза тутгувчи аёллар, авратларини (ҳаромдан) сақлагувчи эркаклар ва (авратларини ҳаромдан) сақлагувчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилгувчи аёллар — улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот (яъни, жаннат) тайёрлаб қўйгандир.