Алоуддин Мансур — 421
33:23 Мўминлар орасида ўзлари Аллоҳга берган (У зотнинг йўлида жиҳод қилиб, шаҳид бўлиш ҳақидаги) аҳду паймонларига содиқ бўлган кишилар бордир. Бас, улардан (айрим) кишилар ўз аҳдига вафо қилди, (яъни, шаҳид бўлди), улардан (айрим) кишилар эса (шаҳид бўлишга) интизордир. Улар (мунофиқларга ўхшаб Аллоҳга берган аҳду паймонларини) ўзгартирганлари йўқ.
33:24 Аллоҳ (ўз аҳду паймонларига) содиқ бўлган кишиларни ростгўйликлари сабабли мукофотлаш учун, мунофиқларни эса агар Ўзи хоҳласа (мунофиқ ҳолларида ўлдириб) азобга гирифтор этиш, ёки тавбаларини қабул қилиб (гуноҳларини мағфират этиш) учун (мазкур синовга дучор қилди). Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган Зотдир.
33:25 Аллоҳ кофирларни (яъни, фирқаларни) хафа ҳолларида қайтарди. Улар бирон яхшилик фойдага эришмадилар. Аллоҳ мўминларга жанг тўғрисида кифоя қилди (яъни, осмондан шамол ва фаришталар юбориб, мўминларни жангсиз ғолиб қилди). Аллоҳ кучли, қудратли бўлган Зотдир.
33:26 У (фирқаларга) ёрдам берган, аҳли китобдан иборат бўлган кимсаларни (Аллоҳ) ўз қалъаларидан туширди ва дилларига қўрқинч солди. (Энди) сизлар (улардан) бир гуруҳни ўлдирурсизлар, бир гуруҳни асир олурсизлар.
33:27 Ва сизларни уларнинг ерларига, ҳовли-жойларига, молу мулкларига ва (ҳали) сизларнинг оёқларингиз етмаган ерларга ворис қилди. Аллоҳ ҳар нарсага қодир бўлган Зотдир.[3]
33:28 Эй пайғамбар, жуфтларингизга айтинг: «Агар сизлар ҳаёти дунёни ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлсангизлар, у ҳолда келинглар, мен сизларни (ўша нарсалардан) баҳраманд этай ва чиройли кузатиш билан кузатай.
33:29 Агар Аллоҳни, Унинг пайғамбарини ва Охират диёрини истайдиган бўлсангизлар, ҳолда шак-шубҳасиз, Аллоҳ сизларнинг орангиздаги чиройли амал қилгувчилар учун улуғ мукофот — жаннатни тайёрлаб қўйгандир».
33:30 Эй пайғамбар аёллари, сизлардан ким аниқ гуноҳни қилар экан, унинг учун азоб икки баробар қилинур. Бу Аллоҳга осон бўлган ишдир.