Алоуддин Мансур — 420
33:16 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Агар сизлар ўлишдан ё ўлдирилишдан қочсангизлар, бу қочиш сизларга бирон фойда бермас, (яъни, фақат ажалларингиз битгунича ўлимдан қочишларингиз мумкин) демак, сизлар жуда оз (яъни, ажалларингиз етгунча) фойдаланурсизлар, холос.
33:17 Айтинг: «Агар Аллоҳ сизларга ёмонликни ирода қилса, қай бир кимса сизларни ундан асрай олур, ёки У зот сизларга марҳаматни ирода қилса (ким уни тўса олур)?!» Улар ўзлари учун Аллоҳдан ўзга бирон дўст, бирон ёрдамчи топа олмаслар.
33:18 Аллоҳ сизларнинг орангиздаги (жиҳодга) тўсқинлик қиладиган ва ўз дўстларига «Биз томонга ўтинглар», дейдиган кимсаларни аниқ билур. Улар жангга камдан-кам ҳолдагина келурлар.
33:19 Сизларга (яъни, сизларнинг ғалаба қозониб, ўлжаларга эга бўлишингизга) бахилликлари келган ҳолдагина келурлар. Бас, қачон (ёв томонидан) хавф келса, сиз уларни ўлим ўраб (шайтонлаб) қолган кимса каби кўзлари ўйнаб, сиз томонга қараётганларини кўрурсиз. Энди қачон хавф кетса, улар яхшилик (яъни, ўлжалар) устида очкўзлик қилиб сизларни ўткир тиллар билан ранжитурлар. Улар (сидқидилдан) иймон келтирмаганлар, бас, (шу сабабли) Аллоҳ уларнинг амалларини беҳуда кетказди. Бу Аллоҳга осон бўлган ишдир.
33:20 Улар (яъни, мунофиқлар қўрқоқликлари сабабли кофир фирқалар Мадина атрофидан тарқаб кетганларидан кейин ҳам) у фирқаларни кетмаган, деб ўйлайдилар ва агар у фирқалар (яна қайтиб) қолсалар (мунофиқлар шаҳарда — сизларнинг ичингизда эмас, балки саҳрода) кўчманчи бадавийлар орасида бўлиб, сизларнинг ҳоли-хабарларингиз ҳақида сўраб-билиб туришни дўст тутадилар. Агар улар сизларнинг орангизда бўлганларида ҳам камдан-кам жанг қилган бўлур эдилар.[2]
33:21 (Эй мўминлар), сизлар учун — Аллоҳ ва Охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбари (иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал ибрат бордир.
33:22 Мўминлар у фирқаларни кўрган вақтларида: «Бу Аллоҳ ва пайғамбари бизларга ваъда қилган нарсадир (яъни, имтиҳондир). Аллоҳ ва пайғамбарининг сўзи ростдир», дедилар ва (устиларига бостириб келаётган фирқаларнинг сон-саноқсизлиги) уларнинг (Аллоҳга бўлган) иймон ва итоатларини янада зиёда қилди, холос.