Алоуддин Мансур — 42
2:253 Ўша пайғамбарларнинг айримларини айримларидан афзал қилдик. Уларнинг ораларида Аллоҳ (бевосита) сўзлаган зотлар бор. Ва (уларнинг) айримларини (Аллоҳ) юксак даражаларга кўтарди. Ийсо бинни Марямга ҳужжатлар бердик ва уни Руҳул-Қудс (Жаброил) билан қувватлантирдик. Агар Аллоҳ хоҳлаганда у пайғамбарлардан кейин ўтган одамлар ҳужжатлар келганидан кейин уришишмаган бўлардилар. Аммо улар ихтилоф қилдилар. Бас, уларнинг орасида мўминлар ҳам бор, кофирлар ҳам. Агар Аллоҳ хоҳлаганда уришишмаган бўлардилар, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишини қилади.[50]
2:254 Эй мўминлар, на олди-сотди, на ошна-оғайнигарчилик ва на шафоат — қўллов бўлмайдиган Кун келишидан илгари ҳаёти дунёда сизларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ-эҳсон қилинглар! Кофир бўлган кимсаларгина зулм қилгувчилардир.
2:255 Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ. Фақат Унинг Ўзи бордир. У тирик ва абадий тургувчидир. Уни на мудроқ, на уйқу олмайди. Самовот ва Ердаги бор нарсалар Унингдир. Унинг ҳузурида ҳеч ким (бировни) Унинг изнисиз оқлай олмайди. У уларнинг (барча одамларнинг) олдиларидаги ва орқаларидаги бор нарсани билади. Ва улар У зотнинг илмидан фақат Ўзи истаган нарсаларнигина биладилар. Унинг курсиси осмонлар ва Ердан кенгдир. Ва уни осмонлар ва Ерни ҳифзу ҳимоятда сақлаб туриш қийнамайди. У энг юксак ва буюкдир.
2:256 Динга зўрлаб (киритиш) йўқдир. (Зеро) ҳақ йўл залолатдан ажраб бўлди. Бас, ким шайтондан юз ўгириб, Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди. Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир.[51]