Алоуддин Мансур — 419
33:7 Эсланг, Биз (барча) пайғамбарлардан ва (хусусан сиздан) Нуҳдан, Иброҳим, Мусо ва Ийсо бинни Марямдан аҳду паймонларини олгандик. Улардан пухта аҳду паймон олдик.
33:8 У (Аллоҳ) ростгўйлардан (Қиёмат Кунида) ростгўйликлари ҳақида сўраш учун (аҳд олди). Аллоҳ кофирлар учун аламли азоб тайёрлаб қўйгандир.
33:9 Эй мўминлар, сизларга (қарши турли фирқалардан иборат) қўшинлар келган пайтида, Биз уларнинг устига шамол ва сизлар кўрмаган қўшинларни (яъни, фаришталарни) юборганимизни — Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланглар! Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб тургувчи бўлган Зотдир.
33:10 Ўшанда улар сизларнинг юқори томонингиздан ҳам, сизлардан қуйироқ томондан ҳам (бостириб) келган эдилар. Ўшанда кўзлар тиниб, юраклар бўғизларга тиқилиб қолган ва сизлар Аллоҳ ҳақида (турли) гумонлар қила бошлаган эдинглар.
33:11 Ана ўша жойда мўминлар (яна бир бор) имтиҳон қилиндилар ва (бу даҳшатдан) қаттиқ ларзага тушдилар.
33:12 Ўшанда мунофиқлар ва дилларида мараз бўлган (яъни, эътиқодлари заиф бўлган) кимсалар: «Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бизларга фақат ёлғон ваъда қилган эканлар», дея бошладилар.
33:13 Ўшанда улардан бир тоифа одам деди: «Эй Ясриб (яъни, Мадина) аҳли, сизлар учун (бу қадар кўп сонли ёвга қарши) туриш имкони йўқдир, бас, (ўз уйларингизга) қайтиб кетинглар». Улардан яна бир гуруҳ эса «Уйларимиз очиқ-сочиқ (қолган эди)», деб пайғамбардан изн сўрардилар. Ҳолбуки, (уйлари) очиқ-сочиқ эмас эди. Улар фақат (жанг майдонидан) қочишнигина истардилар.
33:14 Агар уларнинг (мунофиқларнинг) устига (Мадинанинг турли) томонларидан (бостириб) кирилса-да, сўнгра улардан фитна (яъни, мусулмонларга хиёнат қилиш) талаб қилинса, шак-шубҳасиз, улар кўп (иккиланиб) турмасдан (хиёнатга розилик) берган бўлур эдилар.
33:15 Ҳолбуки, улар илгари ортга чекинмасликлари ҳақида Аллоҳга ахду паймон берган, Аллоҳга берилган аҳду паймон эса (Қиёмат Кунида) сўралгувчи эди.