>

Алоуддин Мансур — 418

33:1 Эй Пайғамбар, Аллоҳдан қўрқинг ва кофир, мунофиқ кимсаларга бўйинсунманг! Албатта Аллоҳ билгувчи ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир.

33:2 Ва (фақат) сизга Парвардигорингиз томонидан ваҳий қилинадиган оятларга эргашинг! Албатта Аллоҳ сизлар қилаётган амаллардан огоҳ бўлган Зотдир.

33:3 Ёлғиз Аллоҳга таваккул қилинг! Аллоҳнинг Ўзи етарли вакил — сақлагувчидир.

33:4 Аллоҳ бирон кишининг ичида икки юрак қилган эмасдир, (шунингдек) сизлар зиҳор қиладиган хотинларингизни ҳам сизларга она қилган эмас ва асранди болаларингизни ўз болаларингиз қилган эмасдир. Бу (яъни, хотинларингизни «она» дейишларингиз, асрандиларингизни «бола» дейишларингиз) сизларнинг оғизларингиздаги сўзингиздир. Ёлғиз Аллоҳ ҳақиқатни айтур ва Унинг Ўзи (ҳақ) йўлга ҳидоят қилур.[1]

33:5 Уларни ўз оталари (исми) билан чақиринглар. Шу Аллоҳ наздида тўғрироқдир. Энди агар уларнинг оталарини билмасангизлар, у ҳолда (улар) сизларнинг диний биродарларингиз ва дўстларингиздир (яъни, у ҳолда уларни биродарим Фалончи, ёки дўстим Фалончи, деб чақиринглар, лекин боқиб олган отасининг номи билан чақирманглар). Қилган хатоларингиз сабабли сизлар учун гуноҳ йўқдир, лекин кўнгилларингиз (билан) қасд қилган нарсадагина (гуноҳкор бўлурсизлар). Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган Зотдир.

33:6 Пайғамбар мўминларга ўзларидан ҳам ҳақдорроқдир, унинг аёллари эса уларнинг оналаридирлар. Аллоҳнинг китобида қариндош-уруғлар (меросхўрликда) бир-бирларига (қон-қариндош бўлмаган) мўминлардан ва муҳожирлардан кўра ҳақдорроқдирлар. Магар сизлар (диний) дўстларингизга (уларни ўзингиз учун ворис қилишлик билан) яхшилик қилмоғингиз (жоиздир). Бу — Китобда (яъни, Лавҳул-Маҳфузда) битиб қўйилган (ҳукмдир).