Алоуддин Мансур — 415
32:1 Алиф, Лом, Мим.
32:2 Бу Китобнинг (яъни, Қуръоннинг) нозил қилиниши, ҳеч шак-шубҳасиз, барча оламларнинг Парвардигори томонидандир.
32:3 Балки «Уни (Муҳаммаднинг ўзи) тўқиб олган», дерлар. Йўқ, у (яъни, Қуръон) сиздан илгари бирон огоҳлантиргувчи келмаган қавмни (Охират азобидан) огоҳлантиришингиз учун Парвардигорингиз томонидан (нозил қилинган) Ҳақиқатдир. Шояд улар ҳидоят топсалар.
32:4 Аллоҳ осмонлар ва Ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсани олти кунда яратиб, сўнгра (Зоти ва Улуғлигига муносиб суратда) Аршга юксалган Зотдир. Сизлар учун Ундан ўзга бирон дўст ва оқловчи йўқдир. Ахир эслатма-ибрат олмайсизларми?!
32:5 У осмондан ергача бўлган барча ишни тадбир қилиб — бошқариб турур, сўнгра (бу ишларнинг барчаси) сизларнинг ҳисобингизга минг йилга тенг бўладиган бир кунда (яъни, Қиёматда) Унинг Ўзига кўтарилур.[1]
32:6 Мана шу (Аллоҳ) ғойиб ва ҳозирни билгувчи, қудратли ва меҳрибондир.
32:7 У барча нарсани чиройли қилиб яратган Зотдир. У инсонни (яъни, Одамни) даставвал лойдан яратди.[2]
32:8 Сўнгра унинг насли авлодини ҳақир бир сувдан (иборат бўлган нутфадан пайдо) қилди.
32:9 Сўнгра уни (инсон қилиб) ростлаб, ичига Ўз (даргоҳидаги) жондан киритди. У зот сизлар учун қулоқ, кўз, дилларни пайдо қилди. Сизлар эса камдан-кам шукр қилурсизлар.
32:10 Улар (яъни, кофирлар): «Бизлар ер (остида) йўқ бўлиб кетгач, ҳақиқатан ҳам яна янги яралиш билан яралурмизми?», дедилар. Йўқ, улар Парвардигорга рўбарў бўлишни инкор қилгувчидирлар.
32:11 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси жонларингизни олур, сўнгра Парвардигорингизга қайтарилурсизлар».