Алоуддин Мансур — 413
31:20 (Эй инсонлар), Аллоҳ осмонлар ва Ердаги барча нарсаларни сизларга бўйсундириб қўйганини ва сизларга барча зоҳирий ва ботиний (яъни, моддий-маънавий) неъматларини комил қилиб берганини кўрмадингларми?! Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар ўзлари билмаган, ҳидоят топмаган ва ёрқин китоб-ҳужжатга эга бўлмаган ҳолларида Аллоҳ хусусида мужодала қилурлар.
31:21 Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашинглар», дейилса, улар: «Йўқ, бизлар ота-боболаримизни ниманинг устида топган бўлсак (ана ўшанга) эргашурмиз», дейишади. Агар шайтон уларни ўт азобига чақириб турган бўлса ҳам-а?!
31:22 Ким чиройли амал қилгувчи бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширса, бас, у мустаҳкам халқани ушлабди. Барча ишлар охир-оқибатда ёлғиз Аллоҳга борур.
31:23 Ким кофир бўлса, бас, сизни (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), унинг куфри ғамгин қилмасин. Улар Ўзимизга қайтажаклар, бас, Биз уларга қилган амалларининг хабарини берурмиз. Зеро, Аллоҳ диллардаги сирларни билгувчидир.
31:24 Биз уларни (бу дунёда) озгина (муддат) фойдалантириб, сўнгра қаттиқ азобни (тотишга) мажбур қилурмиз!
31:25 Қасамки, агар улардан «Осмонлар ва Ерни ким яратган?», деб сўрасангиз албатта «Аллоҳ», дерлар. Сиз «Аллоҳга ҳамду-сано бўлсин», денг. Йўқ, уларнинг кўплари ана ўша Аллоҳгагина ибодат қилиш зарур эканини билмаслар.
31:26 Осмонлар ва Ердаги бор нарсалар Аллоҳникидир. Албатта Аллоҳнинг Ўзигина беҳожат ва ҳамду санога лойиқ Зотдир.
31:27 Агар Ер юзидаги бор дов-дарахт қаламлар бўлиб, денгиз (сиёҳ бўлса ва) ундан сўнг яна етти денгиз ёрдамга келса, Аллоҳнинг сўзлари тугаб-битмас. Албатта Аллоҳ қудрат ва ҳикмат Эгасидир.[2]
31:28 (Эй инсонлар), сизларни (барчангизни аввал бошда) яратиш ҳам, (Қиёмат Кунида) қайта тирилтириш ҳам худди бир жонни (яратиш ва қайта тирилтиришнинг) ўзгинасидир (яъни, шу қадар осондир). Зеро, Аллоҳ эшитгувчи, кўргувчидир.