>

Алоуддин Мансур — 411

31:1 Алиф, Лом, Мим.

31:2 Ушбу (оятлар) ҳикматли Китоб оятларидир.

31:3 У чиройли амал қилгувчи зотлар учун раҳбар-йўлбошчи ва раҳмат бўлган (Китоб)дир.

31:4 Улар намозни тўкис адо этадиган, закотни (ҳақдорларга) ато этадиган ва Охиратга аниқ ишонадиган зотлардир.

31:5 Парвардигорлари тарафидан ҳидоят топганлар ана ўшалардир ва нажот топгувчилар ҳам уларнинг ўзидир.

31:6 Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар билимсизлик билан (ўзгаларни) Аллоҳнинг йўлидан оздириш учун ва у (йўлни) масхара қилиш учун беҳуда сўз(лар)ни сотиб олур. Ана ўшалар учун хор қилгувчи азоб бордир.

31:7 Қачон унга Бизнинг оятларимиз тиловат қилинса, гўё уларни эшитмагандек, гўё қулоқларида оғирлик-карлик бордек кибру-ҳаво билан юз ўгириб кетур. Бас, унга аламли азоб ҳақида «хушхабар» бериб қўйинг!

31:8 Албатта иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун ноз-неъмат боғлари бордир.

31:9 Улар у жойда мангу қолурлар. (Бу) Аллоҳнинг ҳақ ваъдасидир. У қудрат ва ҳикмат Эгасидир.

31:10 У осмонларни сизлар кўрадиган устунларсиз яратиб, сизларни тебратмаслиги учун Ерда тоғларни барпо қилди ва унда ҳар турли жондор(лар)ни тарқатиб-ёйиб юборди. Яна Биз осмондан сув-ёмғир ёғдириб, (ерда) ҳар турли фойдали (ўсимликларни) ўстириб қўйдик.

31:11 Булар Аллоҳ яратган нарсалардир. Энди (эй мушриклар,) сизлар Менга Ундан ўзга «худолар» нималарни яратганини кўрсатинглар-чи! Йўқ, (улар бирон нарсани кўрсата олмаслар, демак) у золим кимсалар очиқ залолатдадирлар.