Алоуддин Мансур — 410
30:51 Қасамки, агар Биз бир шамол юбориб, улар (экинларини) сарғайиб-қуриганини кўрсалар, албатта ана ундан кейин куфрони неъмат қилишга турурлар.
30:52 Аниқки, сиз «ўликлар»га (сўзингизни) англата олмассиз, орқа ўгириб кетаётган «кар»ларга ҳам уқтира олмассиз.
30:53 Яна сиз «кўр»ларни ўз залолатларидан (қайтариб) ҳидоят қилгувчи эмассиз. Сиз фақат Бизнинг оятларимизга иймон келтирадиган кишиларгагина (ўз сўзларингизни) уқтира олурсиз. Ана ўшалар мусулмонлардир.
30:54 Аллоҳ шундай Зотдирки, сизларни ночор нарсадан (яъни, бир томчи сувдан) яратди, сўнгра (сизлар учун) ночорликдан кейин куч-қувват (пайдо) қилди, сўнгра куч-қувватдан кейин яна ночорлик ва қариликни пайдо қилди. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. У билимдон ва қудратлидир.
30:55 (Қиёмат) соати қойим бўладиган кунда жиноятчи кимсалар (дунёда) бир соатдан ортиқ турмаганларига қасам ичурлар. Улар (ҳаёти дунёда ҳам) мана шундай (ростдан ёлғонга) бурилгувчи эдилар!
30:56 (Шунда) илм ва иймон ато этилган зотлар айтадилар: «Аниқки, сизлар Аллоҳ (Лавҳул-Маҳфузда) ёзиб қўйганидек тирилиш кунигача турдинглар. Бас, мана шу тирилиш кунидир. Лекин сизлар (бу куннинг ҳақ эканини) билмас эдинглар».
30:57 Ана ўша кунда (кофир бўлиш билан ўз жонларига) жабр қилган кимсаларга узру баҳоналари фойда бермас ва улардан (Аллоҳ рози бўладиган амалларга) қайтиш ҳам талаб қилинмас.
30:58 Аниқки, Биз ушбу Қуръонда одамлар учун ҳар турли мисолларни баён қилдик. Қасамки, агар сиз (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), уларга (ўзлари талаб қилган) оят-мўъжизани келтирсангиз ҳам, албатта кофир бўлган кимсалар «Сизлар ёлғончининг ўзидирсизлар», дерлар.
30:59 Аллоҳ (ҳақиқатни) билмайдиган кимсаларнинг дилларини ана шундай қоплаб-беркитиб қўюр.
30:60 Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сабр-тоқат қилинг! Шак-шубҳасиз, Аллоҳнинг (сизни ва умматларингизни кофир қавм устига ғолиб қилиш ҳақидаги) ваъдаси ҳақдир. (Охиратга) ишонмайдиган кимсалар сизни ҳаргиз бетоқат қилмасинлар.