Алоуддин Мансур — 409
30:42 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, мушрикларга) айтинг: «Ер юзида сайру саёҳат қилиб, илгари ўтганларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринглар! Уларнинг кўплари мушрик эдилар».
30:43 Бас, сиз Аллоҳ томонидан, қайтарилмайдиган кун (яъни, Қиёмат) келмай туриб ўзингизни доимо рост динда тутинг! Ўша кунда (мўминлар билан кофирлар) бўлинурлар.
30:44 Кимда-ким кофир бўлса, куфри ўзининг бўйнидадир. Ким яхши амал қилса, бас, улар ўзлари учун (жаннатдан) жой тайёрларлар.
30:45 Зеро, (Аллоҳ) иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни Ўз фазлу-карамидан мукофотлар. Дарҳақиқат, У зот кофирларни суймас.
30:46 (Аллоҳнинг қудрати илоҳийясига далолат қиладиган) оятларидан (бири) (ёмғир ҳақида) хушхабар элтгувчи бўлган шамолларни юборишидир. (Аллоҳ) сизларга Ўз раҳмати-ёмғиридан тотдириш учун ва (денгиздаги) кемалар Унинг амри билан жорий бўлиши ҳамда сизлар (у кемаларда) Унинг фазлу-марҳаматидан (ризқу рўз) исташларингиз учун ва шукр қилишларингиз учун (шамолларни юборур).
30:47 Аниқки, Биз сиздан илгари ҳам пайғамбарларни ўз қавмларига юборганмиз. Бас, улар (қавмларига) аниқ-равшан ҳужжатлар келтирганлар. Сўнг Биз жиноят қилган кимсалардан интиқом олганмиз ва иймон келтирган зотларни ғолиб қилиш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлган.
30:48 Аллоҳ шундай Зотдирки, шамолларни юборур, бас, улар булутни ҳайдар, сўнг (Аллоҳ булутни) Ўзи хоҳлагандек ёюр ва (агар хоҳласа) уни бўлак-бўлак қилур, бас, сиз уларнинг орасидан ёмғир чиқаётганини кўрурсиз. Қачон (Аллоҳ) уни Ўзи хоҳлаган бандаларига етказса баногоҳ улар шод-хуррам бўлурлар.
30:49 Ҳолбуки, улар устларига (ёмғир) ёғдирилишидан олдин мутлақо ноумид эдилар.
30:50 Бас, сиз Аллоҳнинг раҳмати ёмғирнинг изларига қаранг: У қандай қилиб Ерни ўлганидан кейин тирилтирди-я! Ҳеч шак-шубҳасиз, мана шу (Аллоҳ) ўликларни ҳам тирилтиргувчидир. У барча нарсага қодирдир.