Алоуддин Мансур — 407
30:25 Унинг оятларидан (яна бири) — осмон ва Ер У зотнинг амри билан (фазода муаллақ) туришидир. Сўнгра (Қиёмат қойим бўлганида) У сизларни (ётган) ерларингиздан бир бор чақириши билан барчангиз бирдан (ҳисоб-китоб учун) чиқарсизлар.
30:26 Осмонлар ва Ердаги бор жонзотлар, У зотга тегишлидирки, ҳаммаси Унга бўйинсунур.
30:27 У аввал бошда Ўзи яратиб, сўнгра (Қиёмат Кунида) Ўзи яна қайта яратадиган Зотдир. (Қайта яратиш — тирилтириш) У зотга жуда осондир. Осмонлар ва Ердаги энг юксак хислат (яъни, Тенгсиз — Ягоналик хислати) Уникидир. У қудрат ва ҳикмат Эгасидир.
30:28 (Аллоҳ) сизларга ўзларингиздан бир мисол келтирур: сизлар учун қўлларингиздаги қулларингиздан Биз сизларга ризқ қилиб берган молу-мулкка шерик бўлиб олгувчилар борми, бас, сизлар (мол-мулкингизни тасарруф қилишда у қулларингиз билан) баробар бўлиб, улардан ҳам ўзларингиздан қўрққандай қўрқурмисизлар? Ақл юргизадиган қавм учун оятларни мана шундай баён қилурмиз.[2]
30:29 Йўқ, золим кимсалар бирон билим-ҳужжатсиз ҳавои нафсларига эграшиб (Аллоҳга ширк келтирдилар). Бас, Аллоҳ йўлдан оздирган кимсани ким ҳидоят қила олур?! (Ҳеч ким ҳидоят қила олмас) ва улар учун (Охиратда) ёрдам бергувчилар ҳам бўлмас.
30:30 Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ўзингизни доимо тўғри бўлган динда (Исломда) тутинг! Аллоҳ инсонларни яратган табиий хилқатни сақлангиз! Аллоҳнинг яратиши ўзгартирилмас. Энг тўғри дин мана шудир. Лекин кўп одамлар билмаслар.[3]
30:31 (Аллоҳга) қайтгувчи бўлган ҳолларингизда (Унинг динини маҳкам тутинглар) ва У зотдан қўрқинглар ҳамда намозни тўкис адо қилинглар! Мушриклардан бўлманглар!
30:32 Улар (яъни, мушриклар) динларини бўлиб, фирқа-фирқа бўлиб олгандирлар. Ҳар бир фирқа ўз олдиларидаги нарса билан хурсанддирлар.