>

Алоуддин Мансур — 406

30:16 Аммо куфр йўлини тутган ва Бизнинг оятларимизни ҳамда Охират мулоқотини ёлғон деган кимсалар — ана ўшалар (мангу) азобга дучор қилинурлар.

30:17 Бас, тунга кириш пайтларингизда ҳам, тонгга кириш пайтларингизда ҳам Аллоҳни поклангиз (яъни, У зотга ҳамду сано айтингиз).

30:18 Оқшомда ҳам, пешин пайтига киришингизда ҳам (Аллоҳни поклангиз). Зеро, осмонлар ва Ердаги бор ҳамду сано Уникидир (яъни, коинотдаги барча мавжудот Унга ҳамду сано айтур).

30:19 Аллоҳ ўликдан тирикни чиқарур, тирикдан ўликни чиқарур ва ерни ўлганидан кейин (баҳорда қайта) тирилтирур. Сизлар ҳам (Қиёмат Кунида қабрларингиздан) мана шундай чиқарилурсизлар.

30:20 (Аллоҳнинг қудрати илоҳийясига далолат қиладиган) оят-аломатларидан (бири) — У зот сизларни (яъни, отангиз Одамни) тупроқдан яратгани, сўнгра сизлар башарга айланиб (Ер юзига) таралишларингиздир.

30:21 Унинг оятларидан (яна бири) У зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир.

30:22 Унинг оятларидан (яна бири) — У зот осмонлар ва Ерни яратиши ва сизларнинг тилларингиз ва рангларингизни хилма-хил қилиб қўйгандир. Албатта бунда барча оламлар учун оят-ибратлар бордир.

30:23 Унинг оятларидан (яна бири) — кечаси ва кундузи ухлашларингиз ҳамда (кундузлари) Унинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) исташларингиздир. Албатта бунда англайдиган қавм учун оят-ибратлар бордир.

30:24 Унинг оятларидан (яна бири) — У зот сизларга (момақалдироқдан) қўрққан ва (ёмғир ёғишидан) умидвор бўлган ҳолингизда чақмоқни кўргизур ва осмондан сув-ёмғир ёғдириб, унинг ёрдамида ерни, ўлганидан сўнг тирилтирур. Албатта бунда ақл юргизадиган қавм учун оят-ибратлар бордир.