>

Алоуддин Мансур — 405

30:6 (Бу) Аллоҳнинг ваъдасидир. Аллоҳ Ўз ваъдасига хилоф қилмас. Лекин кўп одамлар билмаслар.

30:7 Улар Охиратдан ғофил-бехабар бўлган ҳолларида фақат ҳаёти дунёнинг зоҳиринигина билурлар.

30:8 Ахир улар ўзларича Аллоҳ осмонлар ва Ерни ҳамда улар орасидаги бор нарсани фақат ҳақ (қонун) ва белгиланган муддат билан яратганини (демак ўша муддат битгач, дунё тугаб, Охират бошланишини) тафаккур қилиб кўрмадиларми?! Дарҳақиқат, бу одамлардан кўпчилик қайта тирилиб, Парвардигорларига рўбарў бўлишни инкор қилгувчидирлар.

30:9 Ахир улар Ер юзида сайру саёҳат этишиб, ўзларидан аввалги пайғамбарларни ёлғончи қилиб иймонсиз (кетган) кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўрсалар бўлмайдими?! Ўша (ҳалок бўлган кимсалар) булардан (яъни, Макка кофирларидан) кўра кучли-қувватлироқ бўлган ва (ўз) ерларини булар обод қилганидан кўра кўпроқ ҳайдаб (яъни, экинзорларга айлантириб), обод қилган эдилар-ку! Уларга ҳам ўз пайғамбарлари аниқ-равшан ҳужжатлар келтирганларида, (у пайғамбарларни ёлғончи қилишгач, ҳалок бўлдилар). Бас, Аллоҳ уларга зулм қилгувчи бўлмади, лекин улар (Ҳақ йўлига юришдан бош тортишлари билан) ўзларига зулм қилгувчи бўлдилар.

30:10 Сўнгра (Охиратда эса) Аллоҳнинг оятларини ёлғон дейиш ва уларнинг устидан кулиш билан (ўзларига) ёмонлик қилган кимсаларнинг оқибати янада ёмонроқ бўлди.

30:11 Аллоҳ аввал бошда Ўзи яратиб, сўнгра (Қиёмат Кунида) Ўзи яна қайта яратур. Сўнгра (ҳисоб-китоб қилиниши учун) Унга қайтарилурсизлар.

30:12 (Қиёмат) соати қойим бўладиган кунда жиноятчи кимсалар бутунлай номурод бўлурлар.

30:13 (У кунда) улар учун бутлари томонидан оқловчилар бўлмас (яъни, улар ҳаёти дунёда Аллоҳга шерик қилиб олишган кимсалар улардан тонар) ва улар ҳам бутларидан тонгувчи бўлурлар.

30:14 (Қиёмат) соати қойим бўладиган кунда — ана ўша кунда (мўминлар билан кофирлар) бир-бирларидан ажралурлар.

30:15 Энди иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар (жаннат) боғида шодланурлар.