>

Алоуддин Мансур — 404

29:64 Бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулгидир. Агар улар билсалар Охират диёригина (мангу) ҳаёт (диёридир).

29:65 Қачон улар кемага минсалар (ғарқ бўлишдан кўрқиб) Аллоҳга чин ихлос билан дуо-илтижо қилурлар. Энди қачонки (Аллоҳ) уларга нажот бериб қуруқликка (чиқаргач), баногоҳ улар (Аллоҳга) ширк келтирурлар!

29:66 Биз уларга ато этган неъматларга кофир бўлаверсинлар ва (шу бир нафаслик ҳаётларида) «фойдаланиб» қолсинлар. Ҳали яқинда (бу қилмишларининг оқибатини) билиб қолажаклар!

29:67 Улар ўзларининг атрофларидан одамлар талон-торожга дучор бўлаётгани ҳолда Биз Ҳарамни (яъни, Маккани) тинч-осойишта қилиб қўйганимизни кўрмадиларми?! Наҳотки улар ботил-бутларга иймон келтириб, Аллоҳнинг неъмати (Исломга)га кофир бўлсалар?!

29:68 Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ёки Ҳақ — Қуръон келган чоғида уни ёлғон деган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Жаҳаннамда кофир кимсалар учун жой топилмасми?!

29:69 Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилган — курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилгувчи зотлар билан биргадир.

30:1 Алиф, Лом, Мим.

30:2 Рум мағлуб бўлди.

30:3 Жуда яқин жойда. (Лекин) улар (яъни, румликлар) бу мағлубиятларидан сўнг албатта ғалаба қилажаклар.

30:4 Бир неча йил ичида. Аввалу-охир барча иш Аллоҳнинг (измида)дир. Ўша кунда мўминлар шодланурлар.

30:5 Аллоҳ (румликларни) ғолиб қилгани сабабли. (Аллоҳ) Ўзи хоҳлаган кишини ғолиб қилур. У қудрат ва раҳм-шафқат Эгасидир.[1]