>

Алоуддин Мансур — 401

29:39 Қорун, Фиръавн ва Ҳомонни ҳам (ҳалок қилдик). Дарҳақиқат, Мусо уларга (пайғамбар эканлигини далолат қиладиган) аниқ ҳужжатлар келтирганида улар Ер (юзи)да кибр-ҳаво қилдилар ва (Бизнинг азобимиздан) қочиб қутулгувчи бўлмадилар.

29:40 Биз (улардан) ҳар бирини ўз гуноҳи билан ушладик. Бас, уларнинг орасида Биз устига тош ёғдирган кимсалар ҳам бордир, улар орасида қичқириқ тутиб (ҳалок бўлган) кимсалар ҳам бордир, улар орасида Биз ерга ютдирган кимсалар ҳам бордир ва улар орасида Биз (сувга) ғарқ қилган кимсалар ҳам бордир. Аллоҳ уларга зулм қилгувчи бўлмади, лекин улар ўз жонларига жабр қилгувчи бўлдилар.

29:41 Аллоҳдан ўзга «дўстлар»ни ушлаган кимсаларнинг мисоли худди (ўзи учун) уй қуриб олиб, (ўша уйидан паноҳ истаган) ўргимчакка ўхшайди. Албатта уйларнинг энг нимжони ўргимчак уясидир. Агар улар билсалар эди, (ўргимчак уяси каби ожиз бутлардан паноҳ истамаган бўлур эдилар).

29:42 Шак-шубҳасиз, Аллоҳ улар Ўзини қўйиб, илтижо қилишаётган бутларини билур. У қудрат ва ҳикмат Эгасидир.

29:43 Ушбу масалларни Биз одамлар (ибрат олсинлар) учун айтурмиз. (Лекин) уларни фақат илм эгаларигина англай олурлар.

29:44 Аллоҳ осмонлар ва Ерни ҳақ (қонун) билан яратгандир. Албатта бунда иймон келтирган кишилар учун оят-ибрат бордир.

29:45 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз ўзингизга ваҳий қилинган Китоб — Қуръондан бўлган (оятлар)ни тиловат қилинг ва намозни тўкис адо қилинг! Албатта намоз бузуқлик ва ёмонликдан тўсур. Аниқки, Аллоҳни зикр қилмоқ (барча нарсадан) улуғроқдир. Аллоҳ қилаётан ишларингизни билиб турур.