>

Алоуддин Мансур — 40

2:246 Бани Исроилдан бўлган, Мусодан кейинги бир жамоатнинг ҳоли-хабарини билмадингизми? Қайсики, улар ўзларининг (Шамъун исмли) пайғамбарларига: «Биз учун бир подшоҳ тайинлагин, биз (у билан бирга) Аллоҳ йўлида жанг қилайлик», дейишди. «Агар сизларга уруш фарз қилинса, эҳтимол урушмассиз?», деди (пайғамбар). Улар айтдилар: «Диёримиздан ҳайдалиб, болаларимиздан (ажралиб) турибмиз-ку, нега Аллоҳ йўлида урушмас эканмиз?» Қачонки уларга уруш фарз қилинганда озгина кишидан ташқари ҳаммалари бош тортдилар. Аллоҳ зулм қилгувчиларни билгувчидир.

2:247 Пайғамбарлари уларга айтди: «Албатта, Аллоҳ сизларга Толутни подшоҳ қилиб тайинлади». «У қаёқдан бизга подшоҳлик қилсин, ахир биз подшоҳликка ундан ҳақлироқмиз-ку, қолаверса, унга кенг-катта мол-давлат ато қилинмаган бўлса», дейишди. Пайғамбар айтди: «Албатта, Аллоҳ уни сизларнинг устингизга сайлади ва унга илмда ва жисмда қувватни зиёда қилди. Аллоҳ мулкини Ўзи истаган кишига беради». Аллоҳ (фазлу карами) кенг, билгувчидир.

2:248 Пайғамбарлари уларга айтди: «Унинг подшоҳ бўлиб сайланганлигининг аломати — сизларга бир сандиқ келишидирки, унда Парвардигорингиз томонидан хотиржамлик ва Мусо ва Ҳорун оилаларидан қолган мерос жо қилинган бўлиб, фаришталар кўтариб турадилар. Агар чиндан иймон эгалари бўлсангиз, шубҳасиз, бу воқеада сизлар учун оят-аломат бордир.