>

Алоуддин Мансур — 4

2:17 Улар мисоли бир ўт (машъала) ёқувчига ўхшайдилар. Энди олов атрофини ёритганида Аллоҳ ёруғликни кетказиб, уларни ҳеч нарсани кўролмайдиган ҳолда зулматларда қолдиради.

2:18 (Улар) кар, соқов, кўрдурлар, демак (йўлларидан) қайтмайдилар.

2:19 Ёки улар чақмоқ, момогулдурак, қоронғуликлар билан осмондан қуяётган ёмғир остида яшиндан қўрққанларидан панжаларини қулоқларига тиқиб олган ҳолларида ўлим — ҳалокатдан қочмоқчи бўлиб турган кимсалар кабидирлар. Аллоҳ эса кофирларни ўраб олгувчидир.

2:20 Яшин кўзларини кўр қилгудек бўлади. У (атрофини) ёритганида юриб оладилар, ўчганида туриб қоладилар. Агар Аллоҳ хоҳласа қулоқ ва кўзларини йўқ қилган бўлур эди. Шубҳасиз, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.

2:21 Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни тақво эгалари бўлишингиз учун яратган Парвардигорингизга ибодат қилингиз.

2:22 У зот сизлар учун Ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўлсин, деб мевалар чиқарди. Бас, билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирманг.

2:23 Агар биз бандамизга туширган нарсадан (Қуръондан) шак-шубҳада бўлсангиз, у ҳолда шунга ўхшаган биргина сура келтиринг ва Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг – агар ростгўй бўлсангиз.

2:24 Энди агар бундай қилолмасангиз — ҳаргиз қилолмайсиз ҳам — у ҳолда одамлар ва тошлар ўтин бўладиган, кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқинг.[5]