Алоуддин Мансур — 399
29:24 Бас, (Иброҳимнинг даъватига) қавмининг жавоби фақат: «Уни ўлдиринглар ёки ёқиб юборинглар», дейишлари бўлди. Сўнг Аллоҳ унга оловдан нажот берди. Албатта бунда иймон келтирадиган қавм учун оят-ибратлар бордир.
29:25 Иброҳим айтди: «Сизлар фақат ҳаёти дунёдаги ўзаро ошна-оғайнигарчилигингизни кўзлаб, Аллоҳни қўйиб, бутларни ушладинглар. Ҳали Қиёмат Кунида айримларингиз (яъни, пешволарингиз) айримларингиздан (эргашувчилардан) тонур, айримларингиз айримларингизни лаънатлар. Сизларнинг борар жойингиз дўзахдир. (У жойда) сизлар учун ёрдамчилар йўқдир».
29:26 Бас, Лут унга иймон келтирди. (Иброҳим) айтди: «Албатта мен Парвардигорим (буюрган томон)га ҳижрат қилгувчидирман. Албатта Унинг Ўзигина қудрат ва ҳикмат Эгасидир».[2]
29:27 Биз (Иброҳимга ўғли) Исҳоқ ва (набираси) Яъқубни ҳадя этдик ҳамда пайғамбарликни ҳам (барча самовий китоблар)ни ҳам унинг зурриётига (хос) қилдик ва унга шу дунёда ҳам ажри-мукофотини бердик, албатта у Охиратда ҳам солиҳ зотлардандир.
29:28 Лут ўз қавмига: «Албатта сизлар шундай бузуқлик қилмоқдасизларки, сизлардан илгари бутун оламлардан бирон кимса бундай қилмаган эди.
29:29 Ҳақиқатан, сизлар (хотинларингизни қўйиб) эркакларга борурмисизлар; йўлтўсар-қароқчилик қилурмисизлар; мажлисларингизда ёмон ишлар қилурмисизлар?», деганини эсланг. Бас, (Лут) қавмининг жавоби фақат «Агар сен ростгўй кишилардан бўлсанг, бизларга Аллоҳнинг азобини келтир-чи», дейишлари бўлди.
29:30 (Шунда) у айтди: «Парвардигорим, бу бузғунчи қавм устига Ўзинг мени ғолиб қил».