Алоуддин Мансур — 398
29:15 Сўнг Биз (Нуҳ)га ва кема(даги) ҳамроҳларига нажот бердик ва (у тўфон балосини) барча оламларга оят-ибрат қилиб қўйдик.
29:16 Иброҳимни (эсланг) — у ўз қавмига деган эди: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва Ундан қўрқинглар! Агар билгувчи бўлсангизлар, мана шу сизлар учун яхшироқдир.
29:17 Сизлар Аллоҳни қўйиб фақат бутларга ибодат қилмоқдасизлар ва (уларни «худолар», деб) ёлғон тўқимоқдасизлар. Аниқки, сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган нарсалар сизларга ризқу рўз беришга қодир эмаслар. Бас, (шундай экан) сизлар ризқни (ёлғиз) Аллоҳ даргоҳидан истанглар ва Унгагина ибодат қилинглар, Унгагина шукр қилинглар, (зотан), сизлар Унгагина қайтарилурсизлар.
29:18 Агар сизлар (мени) ёлғончи қилсангизлар, бас, сизлардан аввалги умматлар ҳам (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилгандирлар. Пайғамбар зиммасида эса фақат (Аллоҳ фармонини бандаларга) очиқ-равшан етказишгина бордир».
29:19 Ахир улар даставвал Аллоҳ қандай қилиб (йўқдан) яратишини кўрмадиларми?! Сўнгра (Қиёмат Кунида эса) У ўша (аввал йўқдан бор қилган нарсаси)ни қайтарур. Албатта бу Аллоҳга осондир.
29:20 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Ерда айланиб (Аллоҳ) даставвал қандай қилиб яратганини (ва сўнг Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни йўқ қилганини) кўринглар. Сўнгра Аллоҳ (уларни) иккинчи (марта) пайдо қилур. Албатта Аллоҳ барча нарсага қодирдир.
29:21 У Ўзи хоҳлаган кимсаларни азоблар ва Ўзи хоҳлаган кишиларга раҳм қилур. (Ёлғиз) Унгагина қайтарилурсизлар.
29:22 Сизлар (Аллоҳнинг жазосидан) на Ерга ва на осмонга қочиб қутулгувчи эмасдирсизлар. Ва сизлар учун Аллоҳдан ўзга бирон ёрдамчи йўқдир.
29:23 Аллоҳнинг оятларини ва Унга рўбарў бўлишни инкор қилган кимсалар улар Менинг марҳаматимдан ноумид (маҳрум) бўлган кимсалардир ва улар учун аламли азоб бордир.