Алоуддин Мансур — 397
29:7 Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларнинг ёмонликларини (яъни, аввал қилган гуноҳларини) шак-шубҳасиз, ўчирурмиз ва албатта уларни қилиб ўтган энг чиройли амаллари билан мукофотлармиз.
29:8 Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик (яъни, ота-она хоҳ яхши, хоҳ ёмон бўлсин, хоҳ мусулмон, хоҳ кофир бўлсин, уларга яхшилик қилиш фарзанднинг бурчидир, аммо) агар улар сен ўзинг билмаган нарсаларни (яъни, сохта «худо»ларни) Менга шерик қилишинг учун зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этмагин! (Барчангиз) Менга қайтурсиз, бас, (ана ўша кунда) Мен сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берурман.
29:9 Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни шак-шубҳасиз, солиҳ бандалар қаторига (яъни, жаннатга) дохил қилурмиз (киритурмиз).
29:10 Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, ўзлари: «Аллоҳга иймон келтирдик», дейди-да, сўнг Аллоҳ йўлида (кофирлар томонидан бирон азият билан) озорланса, одамларнинг (бу) фитна-озорларини Аллоҳнинг азоби каби қилиб олур (яъни, ўткинчи ҳокимларнинг фитна-фасодларидан Аллоҳнинг азобидан қўрққандек қўрқиб ўз иймон-эътиқодидан кечур). Қасамки, агар Парвардигорингиз томонидан (сиз — мўминларга) ғалаба келса шак-шубҳасиз, улар: «Албатта бизлар сизлар билан бирга эдик», дерлар. Ахир Аллоҳ барча одамларнинг дилларидаги нарсаларни жуда яхши билгувчи эмасми?!
29:11 Албатта Аллоҳ иймон келтирган зотларни ҳам, мунофиқ кимсаларни ҳам аниқ билур.
29:12 Кофир бўлган кимсалар иймон келтирган зотларга: «Сизлар бизларнинг йўлимизга эргашинглар, гуноҳларингизни бизлар кўтарурмиз», дедилар. Ҳолбуки, улар (мўминларнинг) гуноҳларидан бирон нарсани кўтара олгувчи эмасдирлар. Албатта улар ёлғончидирлар.[1]
29:13 Албатта улар ўзларининг юк-гуноҳларини ҳам, у юклари билан бирга (бошқа) юкларни ҳам кўтарурлар ва албатта Қиёмат Кунида ўзлари тўқиб олган (ёлғонлари) тўғрисида сўралурлар.
29:14 Аниқки, Биз Нуҳни ўз қавмига (пайғамбар қилиб) юбордик. Бас, у уларнинг орасида эллик йили кам минг йил турди (аммо улар иймон келтирмадилар), бас, уларни золим-кофир бўлган ҳолларида тўфон (балоси) тутди.