>

Алоуддин Мансур — 396

28:85 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), албатта сизга (ушбу) Қуръонни (яъни, уни тиловат қилишни унга амал қилишни ва уни умматларингизга (етказишни) фарз қилган зот, шак-шубҳасиз, сизни бир қайтадиган жойга (Маккага) қайтаргувчидир. (Мушрикларга) айтинг: «Парвардигорим, ҳидоят келтирган кишиларни ҳам, очиқ-равшан залолатдаги кимсаларни ҳам жуда яхши билгувчидир».[4]

28:86 Сиз ўзингизга Китоб — Қуръон туширилишидан умидвор ҳам бўлган эмасдингиз. Фақат Парвардигорингиз томонидан раҳмат-марҳамат бўлиб (сизга Қуръон нозил қилинди). Бас, сиз ҳаргиз кофир кимсаларга ёрдамчи бўлманг!

28:87 Ва сизга Аллоҳнинг оятлари нозил қилинганидан сўнг ҳаргиз (у оятларга амал қилишингиздан) тўсмасинлар! Сиз (одамларни ҳам ёлғиз) Парвардигорингизга (ибодат қилишга) чорланг ва мушрик кимсалардан бўлманг!

28:88 Аллоҳ билан бирга бошқа бирон «илоҳ»га илтижо қилманг! Ҳеч қандай илоҳ йўқ магар Унинг Ўзигина бордир. Барча нарса ҳалок бўлгувчидир, магар Унинг Ўзигина (мангудир). Ҳукм Унинг (ҳукмидир), ва (барчаларингиз) ёлғиз Унга қайтарилурсизлар.

29:1 Алиф, Лом, Мим.

29:2 Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?!

29:3 Ҳолбуки, Биз улардан аввалги (иймон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку!! Бас, (шу имтиҳон воситасида) албатта Аллоҳ («Иймон келтирдик», деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билур.

29:4 Ёки ёмон амаллар қиладиган кимсалар Биздан (жазойимиздан) қочиб қутулишни ўйладиларми?! Нақадар ёмон ҳукм чиқарадилар-а?!

29:5 Ким Аллоҳга рўбарў бўлишдан умидвор бўлса, бас, албатта, Аллоҳ (белгилаган мукофот ва жазо) фурсати шак-шубҳасиз, келгувчидир. У эшитгувчи, билгувчидир.

29:6 Ким жиҳод қилса, фақат ўз (фойдаси) учун жиҳод қилур (яъни, ким Аллоҳ йўлида саъй-ҳаракат қилса, бундан Аллоҳ эмас, балки ўша кишининг ўзи учун манфаат бўлур). Зеро, Аллоҳ барча одамлардан беҳожатдир.