>

Алоуддин Мансур — 392

28:51 Аниқки, Биз эслатма-ибрат олишлари учун уларга Сўзни — Қуръонни улаб (яъни, пайдар-пай нозил қилдик).

28:52 Биз (Қуръондан) илгари Китоб (яъни, Таврот, Инжил) ато этган зотлар (яъни, яҳудий ва насронийлар орасидаги мўминлар) унга (яъни, Қуръонга) иймон келтирурлар.

28:53 Қачонки уларга (Қуръон) тиловат қилинса, улар: «Бизлар унга иймон келтирдик. Албатта, у Парвардигоримиз томонидан бўлган Ҳақиқатдир. Шак-шубҳасиз, бизлар (Қуръон нозил бўлишидан) илгари ҳам мусулмонлар (яъни, Аллоҳни ягона билиб бўйинсунувчилар) эдик», дерлар.

28:54 Ана ўша зотларга (дину-иймон йўлида) сабр-тоқат қилганлари сабабли ажр-мукофотлари қайта-қайта ато этилур. Улар яхшилик (яъни, сабр-тоқат) билан ёмонликни (яъни, кофирларнинг озорларини) дафъ қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар.

28:55 Қачон беҳуда (сўз ё ишни) эшитсалар, ундан юз ўгирурлар ва: «Бизларнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизларнинг амалларингиз ҳам ўзларингиз учундир. Омон бўлинглар. Бизлар нодон кимсалар (билан ҳамсуҳбат бўлиш)ни истамаймиз», дерлар.

28:56 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), аниқки, сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмассиз, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. У ҳидоят топгувчи зотларни яхшироқ билгувчидир.[3]

28:57 Улар (яъни, Қурайш кофирлари): «(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), агар бизлар сен билан бирга Тўғри Йўлга эргашсак, ўз еримиздан ажралурмиз», дедилар. Ахир Биз уларга тинч-осойишта Ҳарамни макон қилиб бермадикми?! Барча нарсанинг мева-ҳосиллари Бизнинг даргоҳимиздан ризқу рўз бўлган ҳолда ўша жойга йиғилади-ку! Лекин уларнинг кўплари (буни) билмаслар.

28:58 Биз қанча маишати ҳаддан ошган қишлоқ-шаҳарни ҳалок қилдик. Бас, ўшаларнинг масканлари улардан кейин камдан-кам маскан қилинди. (Уларнинг барчалари ҳалок бўлдилар) ва (уларни мулку-диёрларига) Биз Ўзимиз ворис бўлиб қолдик.

28:59 Парвардигорингиз то барча қишлоқ-шаҳарларнинг марказларига Бизнинг оятларимизни уларга тиловат қиладиган бир пайғамбарни юбормагунича, (у қишлоқ-шаҳарларни) ҳалок қилугувчи бўлмади. Биз қишлоқ-шаҳарларни фақат уларнинг аҳолиси золим — кофир бўлган ҳолдагина ҳалок қилгувчи бўлдик.