Алоуддин Мансур — 389
28:29 Энди қачонки Мусо (келишилган) муддатни ўтаб, аҳли-оиласи билан (Миср томон) йўлга тушгач, Тур (тоғи) тарафдан бир оловни кўриб қолди. У аҳли-оиласига: «Сизлар кутиб туринглар. Аниқки мен бир оловни кўриб қолдим. Шояд сизларга бирон хабар ёки исиниб олишларингиз учун у оловдан чўғ олиб келсам», деди.
28:30 Энди қачонки унинг олдига етиб келгач, у муборак жойдаги водийнинг ўнг тарафидан — дарахтдан унга нидо қилинди: «Эй Мусо, албатта, Мен барча оламларнинг Парвардигори Аллоҳдирман.
28:31 Асоингни (ерга) ташлагин!» Бас, қачон (Мусо) уни илондек қимирлаганини кўргач, ортига қарамай қочди. «Эй Мусо, кел, қўрқмагин. Зеро, сен (хавфу-хатардан) омонда бўлгувчи кишилардандирсан.
28:32 Қўлингни чўнтагингга солгин, бирон зиён-дардсиз оппоқ бўлиб чиқур ва қанотингни (яъни, қўлингни) қўрқувдан (яъни, агар бу мўъжизалардан қўрқиб кетсанг қўлтиғингга) қисиб олгин (у яна ўз ҳолига қайтур). Бас, шу иккиси (яъни, асо билан қўл) Парвардигоринг томонидан Фиръавн ва унинг одамларига икки ҳужжатдир. Дарҳақиқат, улар фосиқ қавм бўлдилар».
28:33 (Мусо) деди: «Парвардигорим, мен улардан бир жонни ўлдириб қўйганман. Ва улар мени ўлдиришларидан қўрқурман.
28:34 Оғам Ҳорун мендан кўра тили гўёроқдир. Бас, уни мен билан бирга мени тасдиқлайдиган ёрдамчи қилиб юборгин. Чунки мени улар ёлғончи қилишларидан қўрқурман».
28:35 (Аллоҳ) айтди: «Биз сени оғанг билан қувватлантирурмиз ва иккингиз учун салтанат (яъни, ғалаба ато) қилурмиз. Бас, улар сизларга (бирон зиён) етказа олмаслар. Бизнинг оят-мўъжизаларимиз билан сизлар ҳам, сизларга эргашган кишилар ҳам ғолиб бўлгувчидирлар».