Алоуддин Мансур — 388
28:22 Ва қачонки Мадян (шаҳри) томонга юзлангач, деди: «Шояд Парвардигорим мени Тўғри Йўлга ҳидоят қилса».
28:23 Қачонки Мадяннинг суви — қудуғига етиб келгач, у жойда бир тўп одамлар (чорваларини) суғораётганларини кўрди ва улардан қуйироқда икки аёл (ўз қўйларини қудуқдан) тўсиб турганларини кўриб: «Сизларга не бўлди (яъни, нега қўйларингизни суғормай турибсизлар)?», деди. Улар: «Биз то подачилар (молларини) қайтармагунча суғора олмаймиз. Отамиз эса қари чол (яъни, қўйларимизни суғоргани кела олмас)», дедилар.
28:24 Шунда (Мусо) уларга (қўйларини) суғориб берди. Сўнгра (бир четдаги дарахт) соясига бориб (ўтириб), деди: «Парвардигорим, мен Ўзинг мен учун нима яхшилик (яъни, ризқ) туширсанг, ўшанга муҳтождирман».[2]
28:25 Бас, улардан бири ҳаё билан юриб келиб: «Отам сени бизларга (қўйларимизни) суғориб берганинг ҳақини бериш учун чақирмоқда», деди. Бас, қачонки (Мусо Шуъайбнинг ҳузурига) келиб, унга ўз қиссасини сўйлаб бергач, у: «Қўрқмагин. Сен у золим қавмдан нажот топдинг», деди.
28:26 (Қизлардан) бири: «Эй ота, уни (ишга) ёллагин. Зеро, сен ёллаган энг яхши киши кучли, ишончли кишидир», деди.
28:27 (Шуъайб) айтди: «(Эй Мусо, агар рози бўлсанг), менга саккиз йил ишлаб беришинг бадалига мен сенга мана шу икки қизимдан бирини никоҳлаб бермоқчиман. Энди агар ўн йилни тўлатсанг (яъни, тўла ўн йил ишлаб берсанг), сен томонингдан (бизга марҳамат бўлур). Мен сени қийнашни истамайман. Иншоаллоҳ, сен менинг солиҳ кишилардан эканлигимни кўрурсан».
28:28 (Мусо) деди: «Мана шу сен билан менинг ўртамиздаги (битимдир). Икки муддатдан қай бирини адо қилсам бас, менга зўрлик қилинмас. Аллоҳ айтаётган сўзимизга гувоҳдир».