>

Алоуддин Мансур — 385

27:89 Ким яхшилик билан келса, бас, унинг учун ўша (яхшилигидан) яхшироқ мукофот бўлур. Ва улар ўша Куннинг даҳшатидан омондадирлар.

27:90 Ким ёмонлик билан келса, бас, юзтубан ҳолларида дўзахга ташланурлар. (Ва уларга айтилур): «Сизларга фақат қилиб ўтган амалларингизнинг жазоси берилур».

27:91 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, уларга айтинг): «Мен фақат мана шу шаҳарнинг (яъни, Маккаи Мукарраманинг) Парвардигоригагина ибодат қилишга буюрилгандирман. У (бу шаҳарни) ҳаром қилган Зотдир (яъни, бу шаҳарда қон тўқилиши, бирон кишига зулм қилиниши, ов овланиши ва ҳатто ўт юлиниши ҳам ҳаром қилингандир). Барча нарса Уникидир. Мен мусулмонлардан бўлишга буюрилгандирман.

27:92 Ва Қуръон тиловат қилишга (буюрилгандирман»). Бас, ким ҳақ йўлга юрса фақат ўз (фойдаси) учун юрар. Ким йўлдан озса, у ҳолда айтингки: «Мен фақат (йўлдан озган кимсаларни Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиргувчилардандирман».

27:93 Айтинг: «Ҳамду-сано Аллоҳ учундир. Яқинда У сизларга Ўз оят-мўъжизаларини кўрсатур. Бас, сизлар у (мўъжизаларни) тан олурсизлар (лекин у кунда тан олишингиз сизларга фойда бермас)». (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Парвардигорингиз сизларнинг қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир.

28:1 То, Син, Мим.

28:2 Ушбу (оятлар) очиқ-равшан Китоб оятларидир.

28:3 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), иймон келтирадиган қавм (ўқиб, ибрат олишлари) учун сизга Мусо ва Фиръавн хабаридан ҳаққи-рост тиловат қилиб (сўйлаб) берурмиз.

28:4 Дарҳақиқат, Фиръавн (Миср) ерида туғёнга тушиб, унинг аҳолисини бўлак-бўлак қилди. У улардан бир тоифани (яъни, Бани Исроил қавмини) хорлаб ўғилларини сўяр, аёлларини тирик қолдирар. Албатта, у бузғунчи кимсалардан бўлди.

28:5 Биз эса у ерда хорланган кишиларга марҳамат қилишни, уларни (хор-бечораликдан чиқариб, барчага пешво зотларга айлантиришни ва уларни (Фиръавн мулкининг) ворислари қилишни истаймиз.