>

Алоуддин Мансур — 384

27:77 Албатта, у иймон келтирадиган кишилар учун ҳидоят ва раҳматдир.[5]

27:78 Албатта, Парвардигорингиз (одамлар) ўртасида Ўз ҳукми (яъни, адолати) билан ҳукм қилур. У ғолиб ва билгувчидир.

27:79 Бас, сиз Аллоҳга таваккул қилинг! Албатта, сиз равшан ҳақиқат устидадирсиз.

27:80 Аниқки, сиз (ўз даъватингизни) «ўлик»ларга уқтира олмассиз ва юз ўгириб кетаётган «кар»ларга ҳам бу даъватни уқтира олмассиз.

27:81 Яна сиз кўрларни ҳам залолатларидан (чиқариб, ҳақ йўлга) ҳидоят қила олгувчи эмасдирсиз. Сиз фақат Бизнинг оятларимизга иймон келтириб, мусулмон бўладиган кишиларгагина уқтира олурсиз.

27:82 Қачон (кофирларнинг) устига сўз-азоб тушганида (яъни, Қиёмат яқинлашиб қолганида), Биз улар учун ердан бир жонивор чиқарурмиз. У уларга одамлар Бизнинг оятларимизга ишонмайдиган бўлиб қолганлари ҳақида сўзлар.[6]

27:83 Биз ҳар бир миллатдан бир гуруҳ Бизнинг оятларимизни ёлғон дейдиган кимсаларни тўплаб, улар тизилиб турадиган кунни (эсланг).

27:84 Энди қачон улар (ҳисоб-китоб қилинадиган жойга) келишгач, (Аллоҳ) айтди: «Сизлар аниқ-пухта билмаган ҳолингизда Менинг оятларимни ёлғон дедингизми?! Бўлмаса нима қилгувчи бўлдингизлар?!»

27:85 Золим-кофир бўлганлари сабабли уларнинг устига Сўз — азоб тушди. Бас, улар (бирон сўз) сўзлай олмаслар.

27:86 Биз улар ором олишлари учун кечани пайдо қилганимизни ва кундузни ёруғ қилиб қўйганимизни кўрмадиларми?! Албатта бундай иймон келтирадиган қавм учун оят-ибратлар бордир.

27:87 Сур чалиниб, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган зотлардан бошқа осмонлардаги ва Ердаги (барча) кимсалар даҳшатга тушиб қолган ва барча У зот (ҳузурига) бўйин эгган ҳолда келган кунни (эсланг)!

27:88 Сиз тоғларни кўриб тек қотиб турибди, деб ўйларсиз. Ҳолбуки, улар ҳам худди булутлар юргандек юрарлар. (Бу) барча нарсани пухта қилган Зот — Аллоҳнинг ҳунаридир. Албатта, У Зот сизлар қилаётган (барча) ишлардан огоҳдир.[7]