>

Алоуддин Мансур — 383

27:64 Ёки бошлаб Ўзи яратиб, сўнгра (Охиратда) қайта яратадиган Зотми?! Ким сизларга осмон ва заминдан ризқу рўз берур? Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, кофирларга) айтинг: «Агар ростгўй бўлсангизлар ҳужжатларингизни келтирингиз!»

27:65 Айтинг: «Осмонлар ва Ердаги бирон кимса ғайбни билмас, магар Аллоҳгина (билур)». Улар қачон қайта тирилишларини ҳам сеза олмаслар.

27:66 Балки уларнинг Охират ҳақидаги билимлари пишиб етилгандир (ва шу сабабдан Охират ҳақида сўраётгандирлар). Йўқ, улар (Охиратдан) шак-шубҳададирлар! Йўқ, улар ундан кўрдирлар!

27:67 Кофир бўлган кимсалар дедилар: «Ўзимиз ҳам ота-боболаримиз ҳам тупроққа айланиб кетган вақтимизда (қайта тирилиб, қабрларимиздан) чиқарилгувчидирмизми?!

27:68 Дарҳақиқат, бизларнинг ўзимизга ҳам, илгари ота-боболаримизга ҳам мана шу ваъда қилингандир. Бу фақат ўтганларнинг афсоналаридир».

27:69 Айтинг: «Ерни айланиб, жиноятчи кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринглар!»

27:70 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз уларнинг (иймон келтирмаганлари) устида ғам чекманг ва улар қилаётган макрлардан сиқилманг ҳам!

27:71 Улар: «Ростгўй бўлсангизлар (айтинглар-чи), мана шу ваъда (қилинган азоб) қачон бўлади?», дейдилар.

27:72 Айтинг: «Эҳтимол сизлар шоштираётган (азобнинг) баъзиси сизларга яқин келиб қолгандир».

27:73 Албатта, Парвардигорингиз одамларга фазлу марҳамат Соҳибидир. Лекин уларнинг кўплари шукр қилмайдилар.

27:74 Албатта, Парвардигорингиз уларнинг диллари яширадиган нарсани ҳам, улар ошкор қиладиган нарсани ҳам билур.

27:75 Осмон ва заминдаги ҳар бир сир очиқ Китобда (яъни, Лавҳул-Маҳфузда) мавжуддир.

27:76 Албатта, ушбу Қуръон Бани Исроилга улар ихтилоф қилаётган нарсаларнинг кўпини сўйлаб — баён қилиб берур.