>

Алоуддин Мансур — 382

27:56 (Лут) қавмининг жавоби эса фақат «Лутнинг аҳли-тобеъларини қишлоғингиздан (қувиб) чиқарингиз! Дарҳаҳиқат, улар жуда «покиза» кишилардир», дейишлари бўлди.

27:57 Сўнг Биз (Лутга) ва унинг аҳли-тобеъларига нажот бердик. Магар унинг хотини (нажот топмади, чунки) Биз уни қолиб ҳалок бўлгувчилардан бўлишини тақдир қилиб — белгилаб қўйдик.

27:58 Ва уларнинг устига бир ёмғир (яъни, тош ёғдирдик). Бас, (азобдан) огоҳлантирилгувчилар ёмғири нақадар ёмон бўлди!

27:59 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Аллоҳга ҳамду сано бўлсин ва Унинг Ўзи (пайғамбарлик учун) танлаган бандаларига дуо-ю салом бўлсин». Аллоҳ яхшироқми ёки улар (Макка мушриклари Аллоҳга) шерик қилаётган бутларими?!

27:60 Ёки осмонлар ва Ерни яратган ҳамда сизлар учун осмондан сув-ёмғир ёғдириб, унинг ёрдамида гўзал боғларни ўстирган Зотми?! Сизлар учун у (боғларнинг) дов-дарахтини ўстириш имкони йўқ эди. Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! Йўқ, улар (Аллоҳга ўзгаларни) тенг биладиган қавмдирлар!

27:61 Ёки Ерни (барча жонзотлар учун) қароргоҳ қилиб, унинг ўртасида дарёлар пайдо қилган ва унинг учун тутқи-тоғлар барпо қилган ҳамда икки (яъни, шўр-чучук) денгиз-дарё ўртасида тўсиқ-тўғон иншо қилган Зотми?! Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! Йўқ, уларнинг кўплари билмайдилар!

27:62 Ёки музтар-ночор одам дуо-илтижо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган ва (унинг) мушкулини осон қиладиган ҳамда сизларни Ернинг халифа-эгалари қиладиган Зотми?! Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! Камдан-кам эслатма-ибрат олурсизлар!

27:63 Ёки сизларга қуруқлик ва денгиз зулматларида тўғри йўлни кўрсатадиган ва Ўз раҳмати-ёмғири олдидан шамолларни хушхабар қилиб жўнатадиган Зотми?! Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! Аллоҳ уларнинг ширк келтирган нарсаларидан юксакдир!