Алоуддин Мансур — 379
27:23 Дарҳақиқат, мен бир аёлни кўрдим. У уларнинг маликаси экан. Унга барча нарсадан ато этилган бўлиб, катта тахти ҳам бордир.[1]
27:24 Мен у ва унинг қавми Аллоҳни қўйиб, қуёшга сажда-ибодат қилаётганларини кўрдим». Шайтон уларга (қилаётган) амалларини чиройли кўрсатиб, уларни (Ҳақ) йўлдан тўсиб қўйгандир. Бас, улар (Ҳақ йўлга) ҳидоят топмаслар.
27:25 (То) Аллоҳга сажда қилмагунларича. (Аллоҳ) осмонлар ва Ердаги барча сирларни ошкор қиладиган ҳамда сизлар яширадиган ва ошкор қиладиган барча нарсаларни ҳам биладиган Зотдир.[2]
27:26 «Аллоҳ — ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. У улуғ Арш Эгасидир».
27:27 (Сулаймон) деди: «Сен рост сўзладингми ёки ёлғончилардан бўлдингми, кўрурмиз.
27:28 Мана бу мактубимни олиб бориб, уларга ташлагин, сўнгра улардан четланиб кузатгин-чи, нима (жавоб) қайтарар эканлар».
27:29 (Қачонки ҳудҳуд Сулаймоннинг мактубини олиб келиб, малика Билқийснинг олдига ташлагач) у деди: «Эй одамлар, ҳақиқатан менга улуғ бир мактуб ташланди.
27:30 Албатта у Сулаймондандир ва у (мактубда шундай битилгандир): «Меҳрибон ва раҳмдил Аллоҳ номи билан бошлайман.
27:31 Сизлар менга кибр-ҳаво қилмай, ҳузуримга бўйинсунган ҳолингизда келингиз!»
27:32 (Малика) айтди: «Эй одамлар, менга бу ишимда фатво-маслаҳат беринглар. Мен то сизлар гувоҳ бўлмагунингизча бирон иш ҳақида ҳукм қилгувчи эмасман».
27:33 Улар дедилар: «Бизлар куч-қувват ва журъат-матонат эгаларидирмиз. (Қандай ишга) буюриш сенинг ўзингга ҳавола. Бас, нимага буюришни ўйлаб кўравер, (бизлар эса сенга итоат этурмиз)».
27:34 У айтди: «Аниқки подшоҳлар қачон бирон қишлоққа (бостириб) кирсалар уни вайрон этурлар, аҳолисининг обрў-эътиборлиларини эса хор-зор қилурлар. Уларнинг қилмиш-одатлари шудир.
27:35 Мен уларга бир ҳадя юбориб, кўрай-чи, элчиларим нима (хабар) билан қайтар эканлар».[3]