Алоуддин Мансур — 377
27:1 То, Син. Ушбу (оятлар) Қуръон — очиқ Китоб оятларидир.
27:2 (Бу оятлар) мўминлар учун ҳидоят ва хушхабардир.
27:3 Улар намозни тўкис адо этадиган, закотни (ҳақдорларга) ато этадиган ва Охиратга аниқ ишонувчи бўлган кишилардир.
27:4 Албатта, Охиратга иймон келтирмайдиган кимсалар учун Биз (қилаётган) амалларини чиройли кўрсатиб қўйгандирмиз. Бас, улар адашиб-улоқиб юраверадилар.
27:5 Ана ўша кимсалар учун (дунёда ҳам) энг ёмон азоб бордир ва улар Охиратда энг кўп зиён кўргувчи кимсалардир.
27:6 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), шак-шубҳасиз, сизга бу Қуръон доно ва билгувчи Зот даргоҳидан берилур.
27:7 Мусо аҳли-оиласига: «Мен олов кўриб қолдим. Сизларга ундан бирон хабар келтирурман ёки сизларга исиниб олишингиз учун бир ўт-чўғ келтирурман», деганини эсланг.
27:8 Энди қачонки у олов олдига келгач, унга нидо қилинди: «Олов олдидаги кишига (яъни, Мусога) ва унинг атрофидаги зотларга (фаришталарга) хайру-баракот бўлсин. Барча оламларнинг Парвардигори — Аллоҳ (айбу-нуқсондан) покдир.
27:9 Эй Мусо, шак-шубҳасиз, Мен ғолиб ва ҳикмат соҳиби — Аллоҳдирман.
27:10 Асоингни ташлагин!» Бас, қачонки (Мусо) унинг илондек қимирлаётганини кўргач, ортига қарамай қочди. (Шунда Биз дедик): Эй Мусо, қўрқмагин. Зеро, Менинг хузуримда пайғамбарларим қўрқмаслар.
27:11 Лекин ким зулм қилса-ю, сўнгра — ёмонликдан кейин, уни чиройли (амалга) алмаштирса, бас, албатта Мен мағфиратли, меҳрибондирман.
27:12 Қўлингни чўнтагингга солгин, у ҳеч қандай дардсиз оппоқ бўлиб чиқур. (Бу мўъжизалар) сен (Фиръан ва унинг қавмига) олиб борадиган тўққиз оят-мўъжиза ичида (бордир). Дарҳақиқат, улар итоатсиз қавм бўлдилар.
27:13 Бас, қачонки уларга Бизнинг оят-мўъжизаларимиз равшан ҳолда етиб келгач, улар: «Бу очиқ сеҳрдир», дедилар.