>

Алоуддин Мансур — 376

26:207 (Ўша пайт) уларга (ҳаёти дунёда) фойдаланган нарсалари асқотурми?!

26:208 Биз бирон қишлоқ-шаҳарни ҳалок қилмадик, магар унинг учун (азоб-ҳалокатдан) огоҳлантиргувчи (пайғамбарлар) бўлган.

26:209 (Ўшанда у қишлоқ аҳли ўз пайғамбарларини ёлғончи қилганларидан кейингина келажак авлод учун) эслатма-ибрат бўлсин, деб (ҳалок қилдик). Ва Биз золим бўлмадик.

26:210 (Қуръонни осмондан) жинлар олиб тушганлари йўқ.

26:211 Улар учун бунинг имкони йўқ ва улар бунга қодир шахслар эмаслар.

26:212 Чунки улар (ваҳийни ўғринча) эшитиб олишдан четлатилганлари аниқдир.[5]

26:213 Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз Аллоҳ билан бирга бошқа бирон «илоҳ»га илтижо қилманг! Акс ҳолда азоблангувчи кимсалардан бўлиб қолурсиз.

26:214 Ва яқин қариндош-уруғларингизни (Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиринг![6]

26:215 Ўзингизга эргашган мўминлар учун қанотингизни паст тутинг (яъни, уларга хушхулқ билан камтарона муомалада бўлинг)!

26:216 Бас, агар улар итоатсизлик қилсалар, у ҳолда айтинг: «Албатта мен сизларнинг амалингиздан покдирман».

26:217 Ғолиб ва меҳрибон (Аллоҳ)га таваккул қилинг!

26:218 У сизни ўзингиз (намоз учун) тураётган вақтингизда ҳам кўриб турар.

26:219 Сажда қилгувчилар (намоз ўқувчилар) орасида (имом бўлган ҳолингизда намоз рукнларининг биридан иккинчисига) кўчаётган (вақтингизда ҳам кўриб турар).

26:220 Шак-шубҳасиз, У эшитгувчи, билгувчи Зотдир.

26:221 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Мен сизларга жинлар кимларга тушиши ҳақида хабар берайми?

26:222 Улар барча гуноҳга ботган товламачиларга тушиб;

26:223 Эшитиб олганларини уларга ташларлар. Уларнинг (жинларнинг) кўплари ёлғончилардир».

26:224 Шоирларга йўлдан озганлар эргашур.

26:225 Уларнинг (сўз водийларидан) ҳар водийда дайдишларини (яъни, ўзларига ёқиб қолган энг тубан кимса ё нарсаларни ҳам кўкка кўтариб, ёқтирмаганларини тупроққа қоришларини) кўрмадингизми?!

26:226 Ва ўзлари қилмайдиган нарсаларни айтишларини (кўрмадингизми?!)

26:227 Магар иймон келтирган ва яхши амаллар қилган ҳамда доим Аллоҳни ёдда тутган ва (илгари) мазлум бўлганларидан кейин (Ислом зафар топгач), ғолиб бўлган кишилар (яъни, шоирлар йўлдан оздиргувчи эмаслар). Золим кимсалар эса яқинида қандай оқибатга қараб кетаётганларини билиб қолурлар.[7]