>

Алоуддин Мансур — 375

26:184 Ҳамда сизларни ҳам (сизлардан) аввал яралган умматларни ҳам яратган зот — Аллоҳдан қўрқинглар!»

26:185 Улар дедилар: «Ҳеч шак-шубҳасиз, сен сеҳрланган — ақлдан озган кимсалардандирсан.

26:186 Сен ҳам худди бизларга ўхшаган одамдирсан. Албатта бизлар сени ёлғончи кимсалардан, деб гумон қилурмиз.

26:187 Бас, агар ростгўйлардан бўлсанг, устимизга осмондан бир бўлагини ташлаб юбор!»

26:188 У айтди: «Парвардигорим Ўзи сизларнинг қилаётган амалларингизни жуда яхши билгувчидир (яъни, сизлар қандай азобга мустаҳиқ бўлсангиз, Аллоҳ ўзи билиб жазоингизни бергувчидир)».

26:189 Бас, улар (Шуъайбни) ёлғончи қилишгач, уларни «соябон» кунининг азоби ушлади. Дарҳақиқат, у улуғ-даҳшатли куннинг азоби эди.[3]

26:190 Албатта, бунда (яъни, Шуъайб ва унинг қавми ҳақидаги қиссада) оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари иймон келтиргувчи бўлмадилар.

26:191 Шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнинг Ўзи (кофирлар устидан) ғолиб, (мўминларга) меҳрибондир.

26:192 Албатта (бу Қуръон) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилингандир.[4]

26:193 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), уни (яъни, Қуръонни) Руҳул-Амин — Жаброил нозил қилди.

26:194 Сиз (Охират азобидан) огоҳлантиргувчилардан бўлишингиз учун қалбингизга

26:195 Очиқ-равшан арабий тил билан (нозил қилди).

26:196 Албатта (Қуръон ҳақидаги хабарлар) ўтганларнинг китобларида ҳам бордир.

26:197 Ахир (Қуръон ҳақида) Бани Исроил олимлари ҳам билишлари (Макка мушриклари) учун (Қуръон ҳақиқатан Аллоҳ томонидан нозил бўлганига) оят-далил эмасми?!

26:198 Агар Биз (Қуръонни) ажамлардан (яъни, араб бўлмаган кишилардан) бирига нозил қилсак,

26:199 Бас, у (Қуръонни) уларга ўқиб берса, унга ҳам иймон келтиргувчи бўлмас эдилар.

26:200 (Пайғамбарларни ёлғончи қилишни) жиноятчи кимсаларнинг дилларига мана шундай йўллаб-киритиб қўйганмиз.

26:201 Улар то аламли азобни кўрмагунларича, (Қуръонга) иймон келтирмайдилар.

26:202 Бас, у (азоб) уларга ўзлари сезмаган ҳолларида тўсатдан келур.

26:203 Сўнг улар: «Бизларга (бир оз) муҳлат берилармикан, (албатта иймон келтирган бўлур эдик)», деб қолурлар.

26:204 Бас, улар Бизнинг азобимизни шоштирурларми?!

26:205 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), хабар беринг-чи, агар Биз уларни (узоқ) йиллар (сиҳат-саломатлик, мол-давлат билан) фойдалантирсак-да,

26:206 Сўнгра уларга ваъда қилинган нарсалар (яъни, азоб) келса,