>

Алоуддин Мансур — 374

26:160 Лут қавми пайғамбарларни ёлғончи қилди.

26:161 Ўшанда уларга биродарлари Лут айтган эди: «(Аллоҳдан) қўрқмайсизларми?

26:162 Албатта мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман.

26:163 Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар!

26:164 Мен бу (даъватим) учун сизлардан ажр-мукофот сўрамайман. Менинг мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори зиммасидадир.

26:165 Сизлар бутун оламлардан (ажраб — ҳеч бир жонзот қилмаган ишни қилиб) эркакларга яқинлашурмисизлар?!

26:166 Ва Парвардигорингиз сизлар учун яратган жуфти ҳалолларингизни тарк қилурмисиз?! Йўқ, сизлар ҳаддан ошувчи қавмдирсизлар».

26:167 Улар дедилар: «Қасамки, агар тўхтамасанг эй Лут, албатта сургун қилингувчилардан бўлурсан».

26:168 У айтди: «Албатта мен сизларнинг (бу) ишларингизни ёмон кўргувчиларданман.

26:169 Парвардигорим, менга ва аҳлимга (яъни, менга иймон келтирган кишиларга) улар (кофирларнинг) қилаётган амаллари (оқибати)дан нажот бергин».

26:170 Бас, Биз унга ва унинг барча аҳли тобеъларига нажот бердик.

26:171 Магар (азоб остида) қолгувчилардан бўлган бир кампирга (яъни, Лутнинг иймонсиз бўлган хотинига нажот бермадик).

26:172 Сўнгра бошқаларни ҳам ҳалок қилдик.

26:173 Ва уларнинг устига (тош) ёмғир ёғдирдик. Бас, (азоб ҳақида) огоҳлантирилган (лекин ўзларининг ярамас қилмишларидан қайтмаган) кимсаларнинг ёмғири нақадар ёмон бўлди.

26:174 Албатта бунда (Лут ва унинг қавми ҳақидаги қиссада) оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари иймон келтиргувчи бўлмадилар.

26:175 Шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнинг Ўзи (кофирлар устидан) ғолиб, (мўминларга) меҳрибондир.

26:176 Дарахтзор эгалари (яъни, Шуъайб пайғамбар қавми) пайғамбарларни ёлғончи қилдилар.

26:177 Ўшанда уларга Шуъайб айтган эди: (Аллоҳдан) қўрқмайсизларми?!

26:178 Албатта мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман.

26:179 Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар!

26:180 Мен бу (даъватим) учун сизлардан ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори зиммасидадир.

26:181 Ўлчовни тўла ўлчанглар ва камайтириб (тортгувчилардан) бўлманглар!

26:182 Ва тўғри тарози билан тортинглар!

26:183 Одамларга нарсаларини камайтириб берманглар ва Ер юзида бузғунчилик қилиб санқиб юрманглар!