>

Алоуддин Мансур — 373

26:137 Албатта бу (айш-ишратга берилиб умр ўтказиш) аввалгилардан қолган одатдир.

26:138 Бизлар азоблангувчи эмасмиз».

26:139 Бас, улар (Ҳудни) ёлғончи қилишгач, Биз уларни ҳалок этдик. Албатта бунда (яъни, Ҳуд ва унинг қавми бўлмиш Од қабиласи ҳақидаги қиссада) оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари иймон келтиргувчи бўлмадилар.

26:140 Шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнинг Ўзи (кофирлар устидан) ғолиб, (мўминларга) меҳрибондир.

26:141 Самуд (қабиласи) пайғамбарларни ёлғончи қилди.

26:142 Ўшанда уларга биродарлари Солиҳ айтган эди: (Аллоҳдан) қўрқмайсизларми?!

26:143 Албатта мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман.

26:144 Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар!

26:145 Мен бу (даъватим) учун сизлардан ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-муофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори зиммасидадир.

26:146 Сизлар бу ердаги нарсаларда қўйиб қўйилурмисиз?!

26:147 Боғлару булоқларда,

26:148 Экинлар ва новдалари мулойим хурмо дарахтлари ичида (қўйиб қўйилурмисиз яъни, шундай нозу неъматлардан фойдаланиб мангу яшайверамиз, деб ўйлайсизларми)?!

26:149 Яна моҳирлик билан тоғлардан уйлар ҳам йўнмоқдасизлар (ясамоқдасизлар)?!

26:150 Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар!

26:151 Ва бузғунчи кимсаларнинг амрига итоат этманглар!

26:152 Улар Ер юзида бузғунчилик қиладиган ва (ҳеч нарсани) ўнглай олмайдиган (ҳаддан ошувчи) кимсалардир».

26:153 Улар дедилар: «Ҳеч шак-шубҳасиз, сен сеҳрланган — ақлдан озган кимсалардандирсан.

26:154 Сен ҳам худди бизларга ўхшаган одамдирсан. Бас, агар (пайғамбарман деган даъвойингда) ростгўйлардан бўлсанг, бирон оят-мўъжиза келтир!»

26:155 У айтди: «(Менинг мўъжизам) мана шу туядир. (Маълум бир кун сув) ичиш навбати уникидир. Маълум бир кун эса сизларнинг ичиш навбатингиздир.

26:156 Яна унга бирон ёмонлик етказмангларки, у ҳолда сизларни улуғ Куннинг — Қиёматнинг азоби ушлар».

26:157 Бас, улар (туяни) сўйдилару, надомат қилгувчиларга айландилар.

26:158 Уларни азоб ушлади. Албатта бунда (яъни, Солиҳ ва унинг қавми ҳақидаги қиссада) оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари иймон келтиргувчи бўлмадилар.

26:159 Шак-шубҳасиз, Парвардигорингнинг Ўзи (кофирлар устидан) ғолиб, (мўминларга) меҳрибондир.