>

Алоуддин Мансур — 372

26:112 (Нуҳ) айтди: «Мен уларнинг иш-амал қилгувчи эканликларини билмасман.

26:113 Агар пайқай олсангизлар уларнинг ҳисоб-китоби ёлғиз Парвардигоримнинг зиммасидадир.

26:114 Ва мен (сизнинг сўзингизга кириб) мўмин бўлган кишиларни (ҳузуримдан) қувмайман ҳам.

26:115 Мен фақат очиқ огоҳлантиргувчидирман».

26:116 Улар дедилар: «Қасамки, агар (бу даъватингдан) тўхтамасанг эй Нуҳ, албатта тошбўрон қилингувчилардан бўлурсан!»

26:117 (Шунда Нуҳ) айтди: «Парвардигорим, қавмим мени ёлғончи қилдилар.

26:118 Энди Сен Ўзинг мен билан уларнинг орасини очиб қўйгин ва менга ҳамда мен билан бирга бўлган мўмин кишиларга нажот бергин».

26:119 Бас, Биз унга ва у билан бирга бўлган кишиларга (одамлар, ҳайвонлар ва паррандалар билан) лиқ тўла бўлган кемада нажот бердик.

26:120 Сўнгра, (уларга нажот берганимиздан кейин) қолганларни ғарқ қилдик.

26:121 Албатта, бунда (яъни, Нуҳ ва унинг қавми ҳақидаги қиссада) оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари иймон келтиргувчи бўлмадилар.

26:122 Шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнинг Ўзи (кофирлар устидан) ғолиб, (мўминларга) меҳрибондир.

26:123 Од (қабиласи) пайғамбарларни ёлғончи қилди.

26:124 Ўшанда уларга биродарлари Ҳуд айтган эди: (Аллоҳдан) қўрқмайсизларми?!

26:125 Албатта мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман.

26:126 Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар!

26:127 Мен бу (даъватим) учун сизлардан ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори зиммасидадир.

26:128 Сизлар ҳар бир тепаликка ўйин-кулги учун бир белги — баланд бино қураверасизларми?![2]

26:129 Ва гўё мангу яшаб қоладигандек қаср-саройлар соласизлар?!

26:130 Қачон (бирон кишини жазолаш учун) ушласангизлар, бераҳмларча ушлайсизлар?!

26:131 Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар!

26:132 Ва сизларни ўзларингиз биладиган неъматлар билан қўллаган-сийлаган Зотдан (Аллоҳдан) қўрқингиз!

26:133 У сизларни чорва ҳайвонлари ва ўғиллар билан,

26:134 Боғлар ва булоқлар билан қўллади-ку!

26:135 Албатта, мен сизларнинг устингизга улуғ куннинг — Қиёматнинг азоби тушишидан қўрқурман».

26:136 Улар дедилар: «Сенинг ваъз-насиҳат қилишинг ёки қилгувчилардан бўлмаслигинг бизлар учун баробардир (яъни, бизларга панд-насиҳат қилиб овора бўлма).