>

Алоуддин Мансур — 371

26:84 Яна мен учун кейин келгувчи кишилар ўртасида рост мақтовлар қилгин.

26:85 Яна мени ноз-неъматлар боғининг ворисларидан қилгин.

26:86 Отамни ҳам мағфират қилгин. У шубҳасиз адашганлардан бўлди.

26:87 Ва (барча жонзот) қайта тириладиган Кунда мени шарманда қилмагин».

26:88 У кунда на молу-давлат ва на бола-чақа фойда бермас;

26:89 Магар Аллоҳ ҳузурига тоза дил билан келган кишиларгагина (фойда берур).

26:90 (У кунда) жаннат тақводор бўлган зотларга яқин қилинди.

26:91 Дўзах йўлдан озган кимсаларга кўрсатиб қўйилди.

26:92 Ва уларга: «Сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилиб ўтган бутларингиз қани?!

26:93 Улар сизларга ёрдам бера олурми ёки ўзлари ёрдам ола билурми?!», дейилди.

26:94 Бас, у (бутлар) ва йўлдан оздирган кимсалар (дўзахга) улоқтирилди.

26:95 Ҳамда иблис лашкарлари (яъни, кишиларни Ҳақ йўлидан оздирган доҳийлар) барчалари (дўзахга улоқтирилди).

26:96 Улар (дўзахда) талашиб-тортишар эканлар, дедилар:

26:97 «Аллоҳ номига қасамки, албатта бизлар очиқ залолатда бўлган эканмиз.

26:98 Сизларни (эй бут ва санамлар), барча оламларнинг Парвардигорига тенглаштирган пайтимизда.

26:99 Бизларни фақат жиноятчи («доҳий»)лар йўлдан оздирдилар.

26:100 Энди бизлар учун на оқловчилар,

26:101 Ва на бирон қадрдон дўст бордир.

26:102 Бас, қанийди яна бир марта (яшашнинг иложи) бўлса-ю, бизлар ҳам мўминлардан бўлсак».

26:103 Албатта, бунда (яъни, Иброҳим ва унинг қавми ҳақидаги қиссада) оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари иймон келтиргувчи бўлмадилар.

26:104 Шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнинг Ўзи (кофирлар устидан) ғолиб, (мўминларга) меҳрибондир.

26:105 Нуҳ қавми пайғамбарларни ёлғончи қилди (яъни, Нуҳни ҳам, бошқа пайғамбарларни ҳам инкор қилдилар).

26:106 Ўшанда уларга биродарлари Нуҳ айтган эди: «(Аллоҳдан) қўрқмайсизларми?!

26:107 Албатта мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман.

26:108 Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар!

26:109 Мен сизлардан бу (даъватим) учун ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори Аллоҳнинг зиммасидадир.

26:110 Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар!»

26:111 Улар дедилар: «Сенга пасткаш (ялангоёқ) кимсалар эргашган бўлса, (бизлар сенга (қандай қилиб иймон келтирурмиз?»