Алоуддин Мансур — 370
26:61 Энди қачонки икки жамоат бир-бирларини кўришгач, Мусонинг ҳамроҳлари: «Бизлар аниқ тутилдик, (чунки олдимизда ҳеч қандай йўл йўқ, фақат денгиз бор), дедилар.
26:62 (Мусо) айтди: «Йўқ, аниқки мен билан бирга Парвардигорим бор. Албатта у мени (нажот) йўлига бошлар».
26:63 Бас, Биз Мусога: (Асоинг билан) денгизни ургин», деб ваҳий юбордик. Бас, (денгиз) бўлиниб, ҳар бир бўлак (сув) баланд тоғ каби бўлди. (Сўнг Мусо ва унинг қавми денгиз ўртасидан очилган йўлга тушдилар.)
26:64 Ва кейингиларни (яъни, Фиръавн ва унинг қўшинини ҳам) ўша (йўлга) яқин қилдик.
26:65 Ва Мусо ҳамда у билан бирга бўлган кишиларнинг барчаларига нажот бердик.
26:66 Сўнгра кейингиларни (денгизга) ғарқ қилиб юбордик.
26:67 Албатта бунда (Фиръавн ва унинг қавми ҳалокатида) оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари иймон келтиргувчи бўлмадилар.
26:68 Шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнинг Ўзи (кофирлар устидан) ғолиб, (мўминларга) меҳрибондир.
26:69 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), уларга Иброҳим хабарини тиловат қилинг!
26:70 Ўшанда у отаси ва қавмига: «Нимага ибодат қилмоқдасизлар?», деганида,
26:71 Улар: «Бут-санамларга ибодат қилмоқдамиз. Бас, уларга содиқлигимизча қолурмиз», дедилар.
26:72 (Иброҳим) айтди: «Илтижо қилган пайтларингизда (бутларингиз) сизларни(нг илтижоларингизни) эшитдиларми?
26:73 Ёки сизларга фойда ё зиён етказа оладиларми?!»
26:74 Улар дедилар: «Йўқ, бизлар ота-боболаримизнинг мана шундай (бутларга ибодат) қилишларини кўрганмиз (шунинг учун бизлар ҳам бутларга ибодат қиламиз).
26:75 (Иброҳим) айтди: «Сизлар ибодат қилгувчи бўлган бутларингиз ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми?
26:76 Ўзингиз ҳам, қадим-қадим ота-боболарингиз ҳам (ибодат қилгувчи бўлган бутларингиз ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми?)
26:77 Шак-шубҳасиз, улар мен учун душмандир (бас, мен уларга ибодат қилмайман), магар барча оламлар Парвардигоригагина (ибодат қилурман).
26:78 У мени яратгандир, бас, Ўзи мени ҳидоят қилур.
26:79 Унинг Ўзигина мени тўйдирур ва қондирур.
26:80 Касал бўлган вақтимда Унинг Ўзи менга шифо берур.
26:81 У мени ўлдирур, сўнгра (Қиёмат Кунида қайта) тирилтирур.
26:82 У жазо (Қиёмат) кунида менинг хато-гуноҳларимни мағфират этишини умид қилурман.
26:83 Парвардигорим, менга ҳикмат-илм ҳадя этгин ва мени солиҳ (бандаларинг) қаторига қўшгин.