>

Алоуддин Мансур — 37

2:231 Қачон хотинларингизни талоқ қилсангизлар ва уларнинг идда муддатлари битиб қолса, бас, уларни яхшилик билан олиб қолинг ёки яхшилик билан кузатинг. Уларга зулм қилиш билан зарар етказиш учун ушлаб турмангиз. Ким шундай қилса, ўзига зулм қилибди. Аллоҳнинг оятларини ҳазил деб билманглар! Аллоҳнинг сизларга берган неъматини ва сизларга ваъз-насиҳат этиб нозил қилган Китоб ва (у Китобдаги) ҳикматдан иборат нарсани ёдингизда тутингиз! Аллоҳдан қўрқингиз ва билингизким, албатта Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчидир.[48]

2:232 Қачон хотинларингизни талоқ қилсангизлар ва уларнинг идда муддатлари битиб қолса, бас, (эй ота-оналар,) уларни ўзаро яхшилик билан келишишган бўлсалар, эрларига қайта никоҳланишдан тўсманг! Бу ҳукмлардан сизларнинг ораларингиздаги Аллоҳга ва Охират Кунига ишонадиган зотлар ваъз-насиҳат оладилар. Бу ҳукм (яъни, эр-хотинни ярашиб олишларидан тўсмаслик) сизлар учун энг тоза ва покловчи ҳукмдир. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз.

2:233 Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу ҳукм) эмизишни бенуқсон қилмоқчи бўлган кишилар учундир. Уларни (яъни, оналарни) яхшилик билан едириб-кийдириш отанинг зиммасидадир. Ҳеч кимга тоқатидан ташқари нарса таклиф қилинмайди. Болалари сабабли ота ҳам, она ҳам зарар тортмасин. Меросхўр — ворис зиммасида ҳам худди шундай (бурч) бор. Агар (ота-она) ўзаро келишиб, маслаҳат билан болани сутдан ажратмоқчи бўлсалар, гуноҳкор бўлмайдилар. Агар болаларингизни (эмизувчи энагага) эмиздирмоқчи бўлсангиз, берадиган ҳақни яхшилик билан тўла-тўкис тўлаб турсангиз, гуноҳкор бўлмайсиз. Аллоҳдан қўрқингиз ва билингизки, албатта Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўргувчидир.[49]