Алоуддин Мансур — 367
26:1 То, Син, Мим.
26:2 Ушбу (оятлар) очиқ-равшан Китоб оятларидир.
26:3 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), эҳтимол сиз (Макка мушриклари) мўмин бўлмаганлари учун ўзингизни ҳалок қилгувчидирсиз. (Ундоқ қилманг, чунки);
26:4 Агар Биз (уларнинг мўмин бўлишларини) хоҳласак, уларга осмондан оят-мўъжиза нозил қилиб, шу билан бўйинлари эгилиб қоларди. (Лекин Биз буни истамаймиз, зеро иймон-ишонч ночор-ноиложликдан эмас, балки қалб қаноати билан ихтиёрий бўлиши лозимдир).
26:5 Уларга Раҳмон томонидан бирон янги эслатма келса, албатта, улар ундан юз ўгирувчи бўлдилар.
26:6 Бас, аниқки улар (пайғамбарни) ёлғончи қилдилар. Энди яқинда уларга ўзлари масхара қилган нарсанинг хабарлари (яъни, оқибати) келур.
26:7 Ахир улар Ерни — унда, Биз барча турли фойдали (ўсимлик) навларидан қанчасини ундириб қўйганимизни кўрмадиларми?!
26:8 Албатта бунда оят — ибрат бордир. (Лекин Макка мушрикларининг) кўплари иймон келтиргувчи бўлмадилар.
26:9 Шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнинг Ўзи (кофирлар устидан) ғолиб, (мўминларга) меҳрибондир.
26:10 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), эсланг, Парвардигорингиз Мусога нидо қилиб: «У золим қавмга боргин.
26:11 Фиръавн қавмига (боргин), улар (Мендан) қўрқмайдиларми?!», (деган эди);
26:12 Мусо айтди: «Парвардигорим, (албатта амрингга итоат этурман — у золим қавм олдига борурман, фақат) улар мени ёлғончи қилишларидан қўрқурман;
26:13 Ва (улар мени ёлғончи қилишларидан) дилим сиқилур, тилим бурро эмасдир, бас, (Мисрда Фиръавн зулми остида яшаб турган биродарим) Ҳорунга ҳам (пайғамбарлик) юборсанг, (у менга ёрдамчи бўлса).
26:14 Яна уларнинг наздида мен гуноҳкорман (яъни, улар мени бир мисрлик — қибтий йигитни қасддан ўлдиришликда айблайдилар), бас, мени, (Сенинг фармонингни уларга етказмасимдан) ўлдириб қўйишларидан қўрқурман».
26:15 (Аллоҳ) деди: «Йўқ (улар сени ўлдира олмаслар). Бас, (биродаринг Ҳорун билан) Бизнинг оят-мўъжизаларимизни олиб боринглар! Албатта Биз сизлар билан бирга (савол-жавобларингизни) эшитиб тургувчидирмиз.
26:16 Энди Фиръавнга бориб айтинглар: «Ҳақиқатан биз барча оламлар Парвардигорининг элчиларидирмиз.
26:17 (Қўл остингдаги) Бани Исроил (қавми)ни бизга қўшиб (ўз юртлари — Фаластинга) жўнатгин».
26:18 (Улар келиб Фиръавнга шу сўзларни айтишгач, у Мусога қараб) деди: «Биз сени болалик чоғингда ўз ичимизда (яъни, саройимизда) тарбияламаганмидик, умрингнинг бир неча йилида орамизда турган эдинг-ку!
26:19 Кейин нонкўрлардан бўлиб қилган қилмишингни — қилган эдинг-ку (яъни, бир Қибтийни ўлдириб қўйиб қочиб кетган эдинг-ку)!»