Алоуддин Мансур — 366
25:68 Улар Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилмаслар ва Аллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлардан биронтасини) қилса уқубатга дучор бўлур.
25:69 Қиёмат Кунида унинг учун азоб бир неча баробар қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур.
25:70 Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яхши амаллар қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик-гуноҳларини яхшилик-савобларга айлантириб қўюр. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган Зотдир.
25:71 Ким тавба қилиб, яхши (амаллар) қилса, бас, албатта у Аллоҳнинг (ризо-мағфиратига) қайтган бўлур.
25:72 Улар (яъни, Раҳмоннинг суюкли бандалари) ёлғон гувоҳлик бермаслар ва лағв (беҳуда сўз ё амал) олдидан ўтган вақтларида, олижаноблик билан (яъни, ундан юз ўгирган ҳолларида) ўтурлар.
25:73 Уларга Парвардигорларининг оятлари эслатилган вақтида у (оятларга) гунг ва кўр ҳолларида ташланмайдилар, (балки уларни англаб-билиб амал қилурлар).
25:74 Улар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан шод-хуррамлик ҳадя этгин ва бизларни тақводорларга пешво қилгин», дейдиган кишилардир.
25:75 Ана ўшалар сабр-қаноат қилганлари сабабли (жаннатдаги) юксак даражалар билан мукофотланурлар ва у жойда (фаришталар томонидан) салом ва омонлик билан қарши олинурлар.
25:76 Улар ўша жойда мангу қолурлар. У энг гўзал қароргоҳ, энг гўзал манзилдир.
25:77 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, мушрикларга) айтинг: «Агар дуо-илтижо қилмас экансизлар, Парвардигорим сизларга парво қилмас. Бас, сизлар (У зот юборган пайғамбарни) ёлғончи қилдингиз. Энди албатта (азоб-уқубат) сизларга лозим бўлур».