>

Алоуддин Мансур — 365

25:56 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сизни фақат (мўминларга жаннат) хушхабарини етказгувчи, (кофирларни эса Охират азобидан) қўрқитгувчи қилиб юбордик.

25:57 Айтинг: «Мен сизлардан бунинг учун ҳеч қандай ҳақ сўрамайман, фақат Парвардигор томонга йўл тутишни хоҳлаган кишилар (ўша йўлни тутишларини сўрайман»).

25:58 Ва ўлмайдиган тирик Зотга таваккул қилинг, ҳамда У зотга ҳамду сано айтиш билан покланг! У Ўз бандаларининг гуноҳларидан етарли огоҳдир.

25:59 У осмонлар ва Ерни ҳамда уларнинг орасидаги барча нарсаларни олти кунда яратиб, сўнгра (Зоти ва Улуғлигига лойиқ суратда) Аршга юксалган Зотдир. У Раҳмондир. Бас, У зот ҳақида огоҳ — билимдон (Зот — Аллоҳ ва Расули)дан сўранг!

25:60 Қачон (мушрикларга): «Раҳмонга сажда қилинглар», дейилса, улар: «Нима у Раҳмон? Сен буюрган нарсага сажда қилаверамизми?», дейишар ва (бу сўз) уларни янада йироқлаштирар.[4]

25:61 Осмонда буржларни барпо қилган ва унда чироқ — қуёш ва ойни пайдо қилган Зот Баракотли — Буюкдир.

25:62 У эслатма-ибрат олмоқчи бўлган, ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун кеча ва кундузни (бир-бирининг) ўрнини босувчи қилиб қўйган Зотдир.

25:63 Раҳмоннинг (суюкли) бандалари Ерда тавозуъ билан юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) хитоблар қилган вақтида ҳам «Омон бўлинглар», деб жавоб қиладиган кишилардир.

25:64 Улар кечаларни Парвардигорга сажда қилиб ва (жойнамоз устида) тик туриб — бедор ўтказадиган кишилардир.

25:65 Улар: «Парвардигоро, Ўзинг бизлардан жаҳаннам азобини дафъ қилгин. Дарҳақиқат, унинг азоби кетмас — мангу (азобдир).

25:66 Дарҳақиқат, у энг ёмон қароргоҳ ва энг ёмон жойдир», дейдиган кишилардир.

25:67 Улар инфоқ-эҳсон қилган вақтларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар (балки эҳсонлари) ана ўша (хасислик билан исрофнинг) ўртасида — мўътадил бўлур.