>

Алоуддин Мансур — 364

25:44 Ёки сиз уларнинг кўпларига (ҳақ сўзни) тинглай оладилар ё англай оладилар, деб ўйлайсизми?! (Ундоқ эмас, зеро) улар ҳеч нарса эмаслар, магар чорва ҳайвонлари кабидирлар. Йўқ, улар янада йўлдан озганроқ кимсалардир!

25:45 Парвардигорингизнинг (қудратини) — сояни қандай ёйиб қўйганини кўрмадингизми?! Агар хоҳласа уни сокин — жилмас қилиб қўйган бўлур эди. Сўнгра қуёшни унга (яъни, соянинг борлигига) далил қилдик.

25:46 Сўнгра уни аста-секин Ўзимизга тортиб олдик.[3]

25:47 (Аллоҳ) сизлар учун кечани либос, уйқуни ором қилиб қўйган, кундузни эса (сизлар учун) қайта тирилиш қилган Зотдир.

25:48 У Ўз раҳматининг (яъни, ёмғирнинг) олдидан хушхабар қилиб шамолларни юборган Зотдир. Ва осмондан пок сув ёғдирдик.

25:49 Биз ўлик шаҳар-масканларни тирилтириш ва Ўзимиз яратган кўплаб чорва ҳайвонлари ҳамда инсонларни суғориш учун (осмондан пок сув ёғдирдик).

25:50 Ва у (сувни) эслатма олишлари учун (одамлар) орасида тақсимлаб қўйдик, (аммо) одамларнинг кўплари фақат куфрони неъмат қилишнигина истадилар.

25:51 Агар Биз хоҳласак, ҳар қишлоқ-шаҳарга бир (Охират азобидан) қўрқитгувчи — пайғамбар юборган бўлур эдик. (Лекин Биз барча қишлоқ-шаҳардан Охират азобидан огоҳ қилиш бурчини сизнинг зиммангизга юкладик).

25:52 Бас, сиз кофир кимсаларга бўйинсунманг ва (Қуръон) ёрдамида уларга қарши қаттиқ курашинг!

25:53 (Аллоҳ) икки денгиз — дарёни буниси чучук — ширин, униси шўр — аччиқ қилиб оқизиб қўйган ва уларнинг ўртасида тўсиқ-тўғон ва кўринмас парда қилиб қўйган Зотдир.

25:54 У сувдан — нутфадан инсонни яратиб, сўнг уни насл-насаб (эгаси) ва қуда-анда қилиб қўйган Зотдир. Дарҳақиқат, Парвардигорингиз (ҳар ишга) қодирдир.

25:55 (Кофирлар) Аллоҳни қўйиб, ўзларига фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар. Кофир ўз Парвардигорига қарши (шайтонга) ёрдамчи бўлган кимсадир.