Алоуддин Мансур — 363
25:33 Улар сизга (Қуръонни айблаш учун юқоридаги каби) бирон мисол-савол келтирсалар, албатта Биз сизга ҳақ (жавобни) ва энг гўзал шарҳни келтириб қўйдик.
25:34 Юзтубан ҳолларида жаҳаннам томонга судраладиган кимсалар — ана ўшалар энг аҳволи ёмон ва бутунлай йўлдан озган кимсалардир.
25:35 Қасамки, Биз Мусога Китоб — Таврот ато этдик ва биродари Ҳорунни у билан бирга бўлгувчи вазири қилдик.
25:36 Ва (у иккисига) дедик: «Бизнинг оятларимизни ёлғон деган қавм (Фиръавн ва унинг қавми) олдига боринглар!» Бас, (икковлари бориб, Аллоҳнинг динига даъват қилган вақтларида, улар ўз куфрларидан қайтишмагач), Биз уларни (денгизга ғарқ қилиш билан) қириб ташладик.
25:37 Нуҳ қавмини (эсланг)! Қачонки, улар пайғамбарларини ёлғончи қилишгач, Биз уларни ғарқ қилдик ва уларни одамлар учун оят-ибрат қилиб қўйдик. Яна Биз золим-кофир кимсалар учун (Охиратда ҳам) аламли азоб тайёрлаб қўйгандирмиз.
25:38 Од, Самуд (қабилаларини) ва қудуқ эгаларини (яъни, Шуайб пайғамбарни ёлғончи қилганлари сабабли қудуққа қулаб ҳалок бўлган кимсаларни) ҳамда шу орадаги кўпдан-кўп асрларни (эсланг)!
25:39 Барчаларига мисоллар — далиллар келтирдик ва (Бизнинг панд-насиҳатларимиз кор қилмагач), барчаларини бутунлай йўқ қилиб юбордик.
25:40 Аниқки, улар (яъни, Макка мушриклари ўзларининг сафар-саёҳатларида) энг ёмон ёмғир (яъни, тош) ёғдирилган шаҳардан ўтгандирлар. (Ахир улар уни кўриб ибрат олмадиларми)?! Йўқ, улар қайта тирилишдан умидсиз бўлган кимсалардир.
25:41 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) қачон улар сизни кўрсалар, фақат: «Аллоҳ мана шуни пайғамбар қилиб юбордими?!, деб сизни масхара қилурлар.
25:42 Агар сабр қилиб (маҳкам турмаганимизда) ҳақиқатан у бизларни худоларимиздан оздираёзди-я», (деб сизни масхара қилурлар). Яқинда — азобни кўрган вақтларида ким йўлдан озганроқ эканини билиб олурлар.
25:43 Хабар беринг-чи, ким ҳавои нафсларини илоҳ килиб олган бўлса, сиз унинг устида вакил-қўриқчи бўлурмисиз?! (Йўқ, сизнинг вазифангиз ҳавои нафсига қуллик қиладиган кимсаларни бу қилмишларидан сақлаш — қўриқлаш эмас, балки фақат Биз сизга юборган ваҳийни бандаларимизга етказмоқдир).