Алоуддин Мансур — 362
25:21 Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган кимсалар: «Бизларга (пайғамбарлик учун одам эмас, балки) фаришталар туширилса эди ёки бизлар Парвардигоримизни (ўз кўзимиз билан) кўрсак (ва У бизларга Муҳаммаднинг ҳақиқий пайғамбар эканлигини билдирса) эди», дедилар. Дарҳақиқат, улар ўзларига бино қўйдилар ва жуда катта кетдилар.
25:22 Улар фаришталарни кўрадиган кунни (яъни, Қиёмат Кунини эсланг). У кунда жиноятчи кимсалар учун бирон хушхабар бўлмас. Ва (фаришталар уларга) дерлар: «(Ҳар қандай хушхабар сизлар учун) бутунлай ҳаромдир».
25:23 (Зотан) Биз улар қилган ҳар бир (яхши) амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби) қилиб қўйгандирмиз.[1]
25:24 Жаннат эгалари эса у кунда энг яхши маскан ва энг гўзал зироҳатгоҳларда бўлурлар.
25:25 Булутли осмон ёрилиб, (барча) фаришталар (ер юзига) туширилган (Қиёмат) кунини (эсланг)!
25:26 Ўша кунда ҳақ-собит подшоҳлик (ёлғиз) Раҳмон учун бўлур. (Чунки бошқа барча муваққат подшоҳликлар йўқ бўлиб битур! У (кун) кофирларга кўп қийин кун бўлур.
25:27 У кунда бу золим қўлларини (бармоқларини тишлаб надоматлар қилиб) дер: «Э, қанийди мен ҳам пайғамбар билан бир йўлни тутганимда эди,
25:28 Ўлим бўлсин менга, қанийди мен фалончини дўст тутмаганимда эди,
25:29 Аниқки, менга эслатма — Қуръон келганидан сўнг, ўша (фалончи) мени йўлдан оздирди». (У кунда) шайтон (ҳаёти дунёда ўзига эргашган барча) инсонни ёрдамсиз қўйгувчидир.[2]
25:30 Пайғамбар айтди: «Эй Парвардигорим, дарҳақиқат, менинг қавмим (Қурайш қабиласи) ушбу Қуръонни тарк қилиб (ундан юз ўгирдилар)»
25:31 Биз (сиздан илгари ўтган) ҳар бир пайғамбар учун (ҳам) жиноятчи кимсалардан мана шундай душман(лар) қилганмиз. Парвардигорингизнинг Ўзи етарли етакчи ва ёрдамчидир.
25:32 Кофир бўлган кимсалар: «(Нега) бу Қуръон унга (Муҳаммадга) битта тўплам бўлган ҳолида нозил қилинмади?», дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз у — Қуръон билан сизнинг дилингизни устивор қилиш учун мана шундай (парча-парча ҳолда нозил қилдик) ва уни бўлиб-бўлиб баён қилдик.