>

Алоуддин Мансур — 361

25:12 (Дўзах) уларни узоқ жойдан кўрган вақтидаёқ унинг хайқириқ ва бўкиригини эшитурлар.

25:13 Қачон улар кишанланган ҳолларида (дўзахдан) тор бир жойга ташланганларида ўша жойда (ўзларига) ўлим тилаб қолурлар.

25:14 (Шунда уларга): «Сизлар бугун бир ўлимни эмас, кўп ўлимларни тиланглар (чунки сизлар бутун умрларингизни куфру исёнда ўтказганларингиз учун кўпдан-кўп ўлим-ҳалокатларга дучор бўлурсиз», дейилур).

25:15 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, уларга) айтинг: «Шу (дўзах) яхшироқми ёки тақводор зотларга ваъда қилинган мангу жаннатми?!» У (яъни, жаннат тақводорлар) учун мукофот ва оқибат — борар жой бўлди.

25:16 Улар учун ўша жойда мангу қолгувчи бўлган ҳолларида барча хоҳлаган нарсалари муҳайё бўлур. Бу Парвардигорингиз зиммасидаги сўралгувчи ваъда бўлди.

25:17 (Аллоҳ) уларни (яъни, мушрикларни) ҳам, улар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган бутларини ҳам тўплаб (у бутларга): «Менинг анави бандаларимни сизлар йўлдан оздирдингизларми ёки уларнинг ўзлари йўлдан оздиларми?», дейдиган Кунда;

25:18 Улар дерлар: «Эй пок Парвардигор, бизлар учун Сендан ўзга бирон дўст тутиш жоиз бўлган эмасдир (бас, қандай қилиб ўзгаларни бизга бандалик қилиб сиғинишга мажбурлаб йўлдан оздирайлик)?! Лекин Сен уларни ва ота-боболарини (узоқ умр ва мўл-кўл ризқу рўз билан шундай) фойдалантирдингки, ҳатто улар (Сенинг Ўзингни) эслашни ҳам унутдилар ва ҳалок бўлгувчи қавм бўлиб қолдилар».

25:19 (Эй мушриклар) мана, улар («худо»лар деб сиғинган бутлар) сизларни айтаётган сўзларингизда аниқ ёлғончи қилдилар. Энди (азобдан) қутулишга ҳам, (ўзларингга) бирон ёрдам қилишга ҳам қодир эмассизлар. Сизлардан ким золим — мушрик бўлса, Биз унга катта азобни тотдирурмиз.

25:20 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сиздан илгари юборган барча пайғамбарлар ҳам, шак-шубҳасиз, таом ер ва бозорларда юрар эдилар. Биз сизларнинг баъзиларингизни баъзиларингиз учун фитна-синов қилиб қўйдик (яъни, сизнинг оддий одамлар каби фақирона кун кечиришингиз бошқалар учун бир синовдир. Чунки агар Биз сизни бой-бадавлат қилиб қўйганимизда, улар сизга мол-дунёнгиз учун итоат қилган бўлур эдилар). Сизлар (Бизнинг бу синовимизга) сабр қила олурмисизлар? Парвардигорингиз кўриб тургувчи бўлган Зотдир.