>

Алоуддин Мансур — 360

25:3 (Мушриклар) эса У зотни қўйиб, бирон нарса ярата олмайдиган, (балки) ўзлари яралгувчи бўлган, (ўзгалар у ёқда турсин, ҳатто) ўзларига ҳам бирон зиён ё фойда беришга эга бўлмайдиган ва на (бировларга) ўлим беришга, на ҳаёт беришга ва на қайта тирилтиришга эга бўлмайдиган «худолар»ни ушладилар (яъни, ўшаларга сиғиндилар).

25:4 Кофир бўлган кимсалар: «Бу (Қуръон) фақат (Муҳаммад) ўзи тўқиб олган бир ёлғондир. Унга бу (ёлғонни тўқишда) бошқа бир қавм (аҳли китоблар) ёрдам қилган», деб куфр келтирдилар ва бўҳтон қилдилар.

25:5 Яна улар: «(Бу) аввалгилардан қолган афсоналардир (Муҳаммад) уларни кўчириб олган. Бас, (бу афсоналар бировлар томонидан) унга эрта-ю кеч ўқиб берилур», дедилар.

25:6 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, сиз уларга) айтинг: «Уни осмонлар ва Ердаги барча сир-асрорни биладиган Зот нозил қилгандир. Албатта У мағфиратли меҳрибон бўлган Зотдир».

25:7 Яна улар (масхара қилишиб): «Нега бу пайғамбар (оддий одамлардек) таом ер ва бозорларда юрар?! Унга (пайғамбарлигини тасдиқлайдиган) бирон фаришта туширилиб, у билан бирга қўрқитгувчи бўлса эди.

25:8 Ёки унга (осмондан) хазина ташланса (ва у бозорларда савдо-сотиқ билан тирикчилик ўтказмай, ўша хазинадан сарф қилиб юрса) эди, ёхуд унинг учун бир боғу-бўстон бўлиб, у (фақат ўша боғдан) еб-ичса эди», дедилар. Бу золим кимсалар (мўминларга): «Сизлар фақат бир сеҳрланган — ақлдан озган кишига эргашмоқдасиз», дедилар.

25:9 (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), қаранг, улар сиз учун қандай мисоллар келтирдилар-а?! Бас, улар (ҳақ) йўлдан оздилар. Энди улар йўл топишга қодир эмаслар.

25:10 Агар хоҳласа, сиз учун (шу дунёдаёқ) ўшандан (яъни, улар айтган боғу-хазинадан) яхшироқ нарсани — остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларни қилиб бера оладиган ва сиз учун қаср-саройларни қилиб бера оладиган зот — Аллоҳ Баракотли — Буюкдир.

25:11 Йўқ, улар (Қуръон оятларига боқмайдилар, чунки улар Қиёмат) соатини ёлғон деганлар. Биз эса у соатни ёлғон деган кимсалар учун дўзах ўтини тайёрлаб қўйгандирмиз.