Алоуддин Мансур — 36
2:225 Аллоҳ сизларни тилларингиздаги беҳуда қасамларингиз сабабли жазоламайди. Балки дилларингиз билан қилган нарсангиз (қасамингиз) билан жазолайди. Аллоҳ мағфиратли, ҳалим Зотдир.
2:226 Хотинларидан қасам билан юз ўгирган кишилар учун тўрт ой муҳлат бор. Агар (шу муддат ичида хотинларига) қайтсалар (жоиздир). Зеро, Аллоҳ шубҳасиз, мағфиратли, раҳмлидир.
2:227 Ва агар талоқ қилишни қасд қилган бўлсалар, бас, албатта Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир.[45]
2:228 Талоқ қилинган аёллар уч ҳайз муддатида ўзларини кузатадилар. Агар Аллоҳга ва Охират Кунига ишонсалар, улар учун Аллоҳ бачадонларида яратган нарсани (ҳомилани ёки ҳайзни) яширишлари ҳалол бўлмайди. Агар эрлари ислоҳни (оилани тиклашни) истасалар, шу муддат ичида уларни қайтариб (никоҳларига) олишга ҳақлидирлар. Ва яхши амалларда улар (аёллар) учун зиммаларидаги эрлари олдидаги бурчлари баробарида ҳуқуқлари ҳам бор. Ва эркаклар учун (аёллар) устида бир даража (имтиёз) бор. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир.[46]
2:229 (Эр хотинини қайта никоҳига олиши мумкин бўлган) талоқ икки мартадир. Сўнгра (оилани) яхшилик билан сақлаш ёки чиройли суратда ажрашиш (лозим). Ва сизлар учун уларга (хотинларингизга) берган нарсаларингизда (уларнинг маҳрларидан) бирон нарсани қайтариб олишингиз дуруст бўлмайди. Фақат эр-хотин Аллоҳ буюрган (оилавий турмуш борасидаги) қонун-қоидаларни адо қила олмасликларидан қўрқсаларгина (дурустдир). Бас, агар уларнинг (эр-хотиннинг) Аллоҳ буюрган қонун-қоидаларни адо қила олмасликларидан қўрқсангизлар, у ҳолда хотин (эридан ажрашиш учун) эваз қилиб берган нарсада (яъни, хотиннинг эваз беришида, эрнинг шу эвазни олишида) улар учун гуноҳ йўқдир. Бу Аллоҳнинг қонун-чегараларидир. Бас, улардан тажовуз қилиб ўтмангиз! Ким Аллоҳ чегараларидан тажовуз қилиб ўтса, ана ўшалар золимлардир.[47]
2:230 Энди агар уни (учинчи марта) талоқ қилса, у аёл то бошқа эр билан турмуш қурмагунича аввалги эрига ҳалол бўлмайди. Сўнг агар (кейинги эр ҳам) талоқ қилса, бу ҳолда Аллоҳ буюрган қонун-қоидаларни адо қилишларига ишонсалар, (у хотин аввалги эри билан) бир-бирларига қайтишларининг, яъни қайта турмуш қуришларининг гуноҳи йўқдир. Булар Аллоҳнинг чегараларидирки, буларни биладиган қавм учун баён қилади.