Алоуддин Мансур — 359
24:62 Албатта мўминлар фақат Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига иймон келтирган зотлардир. Улар (пайғамбар) билан бирон муҳим иш устида бўлган вақтларида, то ундан изн сўрамагунларича кетмаслар. Фақат сиздан изн сўрайдиган зотлар – ана ўшалар Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига иймон келтирадиган зотлардир. Энди қачон улар сиздан баъзи бир ишлари учун изн сўрасалар, бас, улардан ўзингиз хоҳлаган кишиларга изн беринг ва Аллоҳдан уларни мағфират қилишини сўранг. Албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир.
24:63 (Эй мўминлар), пайғамбарни чақиришни ўрталарингизда бир-бирларингизни чақириш каби қилмангизлар (яъни, у зотни ҳурмат-эҳтиром билан «Эй Аллоҳнинг пайғамбари», деб чақиринглар). Сизлардан беркинган ҳолларда (пайғамбар ҳузуридан) суғурилиб чиқиб кетадиган кимсаларни Аллоҳ яхши билур. (Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишдан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!
24:64 Огоҳ бўлингизким, осмонлар ва Ердаги бор нарсалар шак-шубҳасиз, Аллоҳникидир. У зот сизлар устида турган нарсани (яъни, мўмин ё мунофиқлигингизни) ҳам, (барча бандалар) Ўзига қайтариладиган (Қиёмат) кунини ҳам яхши билур, бас, уларга (ўша кунда) қилиб ўтган амалларининг хабарини берур. Аллоҳ барча нарсани билгувчидир.
25:1 Барча оламларни (Охират азобидан) қўрқитгувчи бўлсин деб Ўз бандаси (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом)га Фурқон — Қуръон нозил қилган зот — Аллоҳ баракотли — Буюкдир.
25:2 У — осмонлар ва Ернинг подшоҳлиги Ўзиники бўлган, бола-чақа қилмаган, подшоҳликда бирон шериги бўлмаган ва барча нарсани яратиб (аниқ) ўлчов билан ўлчаб қўйган Зотдир.